2023 йил 26 октябрь куни Жамғарманинг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Самарқанд вилояти ҳудудидаги ходимлар, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинар ҳудудлар кесимида бўлиб ўтиши режалаштирилган семинарлар кетма-кетлигига якун ясади.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Самарқанд вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 8000 нафар давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ва олий ўқув юртлари талабалари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Аҳмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.

Онлайн семинарда Самарқанд вилоятидан бўлган Жамғарманинг хорижда таълим олаётган 24 нафар стипендиатлари ҳам иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар бердилар.
Самарқандлик Стипендиатлар орасида эр ва аёли Жамғарма стипендиати бўлиш бахтига муяссар бўлган Буюк Британиянинг “University of Leeds”да магистратура босқичида таҳсил олаётган Абдулазиз Суяров ва унинг турмуш ўртоғи “The University of Edinburgh”да ўқиётган Ҳадича Суяровалар ҳам Жамғарманинг қўллаб-қувватлаши ҳақида гапириб, хорижий мамлакатларда оилавий ўқиш ва бу жараённинг қийинчиликлари ва яхши тарафлари ҳақида гапириб беришди
Хусусан Америка Қўшма Штатлари “University of Arizona”да ўқиётган Моҳим Жаҳонгирова, Ҳусан Жумабоев, Франсиянинг “Universite Paris-Saclay”да магистратура босқичида ўқиётган Марат Маъмуров, Буюк Британиянинг “Newcastle University” магистратурада ўқиётган Шоҳруҳ Юнусовлар ҳам Жамғарма томонидан ўтказилаётган очиқ стипендия танловлари шаффоф ҳолда ўтказилишини таъкидлаб, Стипендиатларнинг таълим олиш даврида мунтазам уларни қўллаб-қувватлаб келаётганларини эътироф этди.
Бундан ташқари барча семинар иштирокчиларига тил билиш кўникмаларини яхшилаш борасида керакли тавсиялар берилди. Учрашув якунида Самарқандликлар саволларига Жамғарма мутахассислари ҳамда Стипендиатлар томонидан батафсил жавоб берилди.
Семинарлар ҳафталикларида Республикамиздан жами 73 076 киши иштирок этган бўлиб, бундай, ҳудудлар кесимида бўлиб ўтган семинарлар, келажакда юртимизга тиргак бўладиган ёшларни кашф қилишда ёрдам беради.


