2023 йил 26 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Наманган вилояти бўлими билан ҳамкорликда Жамғарманинг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Наманган вилояти ҳудудидаги давлат ташкилоти ходимлари, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда 5000 дан ортиқ Наманган вилоятининг 12 та туманидан давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Семинарни ўтказишдан мақсад республика ҳудудларидан иқтидорли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди.

Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Маълумот учун Наманган вилоятдан “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати бўлиб хорижда ўқиётган Стипендиатлар сони 58 нафарни ташкил қилади. Ушбу Стипендиатлардан 20 нафари онлайн семинарда иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида ўз вилоятдошларига маълумотлар бердилар. Стипендиатлар ўзлари босиб ўтган йўл ва номзодлар эътибор қаратиши лозим бўлган алоҳида жиҳатлар тўғрисида маълумотлар бериб, танловда ғолиб бўлган стипендиатларнинг хорижий университетларда таълим олишлари учун барча харажатлар Жамғарма томонидан қоплаб берилиши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби онлайн семинар бутун Республикамиз бўйлаб мунтазам ўтказиб борилмоқда.

