2023 йил 25 ноябрь куни Жамғарманинг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Хоразм вилояти ҳудудидаги ходимлар, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Хоразм вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 3500 нафар давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.

Семинарни ўтказишдан мақсад республика ҳудудларидан иқтидорли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди. Онлайн семинарда Хоразм вилоятидан бўлган Жамғарманинг хорижда таълим олаётган 16 нафар стипендиатлари ҳам иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар бердилар. Стипендиатларимиздан АҚШнинг “University of Arizona” университетида бакалавр босқичида таҳсил олаётган Нурмуҳаммад Юсуфбоев, Шерали Озодов “Missiouri University of Science and Technology”да бакалавр босқичида ўқиётган Бахтиёр Дўсчанов, ҳамда яна кўплаб Хоразмлик стипендиатлар Жамғармадаги шаффоф тизим ҳамда уларни доим қўллаб-қувватлашларини эътироф этди.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Семинар иштирокчиларига тил билиш кўникмаларини яхшилаш борасида керакли тавсиялар берилди ҳамда Хоразмлик номзодларга танлов босқичларидаги иштирокида омад тилади.


