2023 йилнинг 24 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ҳамда Австралиянинг Маккуори университети Жануби-Шарқий Осиё ва Евросиё давлатлари бўйича директори Метт Монкхаус ўртасида Жамғармада учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Маккуори университети Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. Университетга 1964-йилда Янги Жанубий Уелс ҳукумати томонидан асос солинган. Университет 4 та факультетдан иборат. Университет QS рейтингида 130, ўринда туради. Университет 45 000 дан ортиқ талабалар, шу жумладан, 11 000 та халқаро талабалар таълим олади. Мазкур университет бир қанча ташкилотлар билан бир нечта инновацион халқаро тадқиқот лойиҳаларида иштирок этган ягона Австралия университети ҳисобланади.
Жамғарма орқали бугунги кунда Австралиянинг нуфузли университетларида 5 нафар стипендиатлар таълим олишмоқда.
Мазкур учрашувда Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарманинг фаолияти ҳамда навбатдаги танлов жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, университет вакили Метт Монкхаус томонидан Маккуори университети ҳақида ва ундаги устувор соҳалар, жумладан, тиббиёт, фармацевтика, давлат бошқаруви, архитектура ва гуманитар фанлар санаб ўтилди.
Шу билан бирга, Маккуори университетида ўқиш истагида бўлган республикамиздаги талабалар, ўқувчилар, вазирлик ва идора мутахассислари, тадқиқотчилар ва ёшлар учун келгусида онлайн вебинар ва семинарлар ўтказишга келишиб олдилар.
Шунингдек, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини Маккуори университетида қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўташ дастурини ташкил бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Жамғарма ва Маккуори университети вакиллари билан бўлиб ўтган музокаралар сўнгида, Маккуори университети томонидан Жамғарманинг бакалавриат ва магистратура таълим дастурларида таълим оладиган стипендиатлар учун ўқиш харажатларидан 30 фоиз миқдорда чегирма ажратишга келишиб олинди.
Мазкур учрашув якунида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Австралиянинг нуфузли Маккуори университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама ўзаро англашув меморандуми муҳокама қилиниб, жорий йил ноябрь ойи охирида имзоланишига келишиб олинди.

