2023 йилнинг 23 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ҳамда Канаданинг Алберта университети Халқаро қабул бўйича директори Ден Фредрик ўртасида Жамғармада учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Алберта университети Канадада жойлашган давлат тадқиқот университетидир. Университетга 1908 йилда Албертанинг биринчи бош вазири Александр Кемерон Рутерфорд ва университетнинг биринчи президенти Генри Маршалл Тори томонидан асос солинган.
Университет асосий коллеж ва университетлар рейтинги бўйича Канададаги энг яхши давлат университетлари қаторига киради. Университет QS рейтингида 111, THE рейтингида 109, ўринларда туради. Канада ва бошқа 150 мамлакатдан 39 000 талаба 18 факултетда 400 дан ортиқ мутахассисликлар бўйича таълим оладилар.Мазкур университетда таҳсил олган машҳур инсонлар орасида Канаданинг 16-бош вазири Жо Кларк, Канаданинг 17-бош судяси Беверли Маклаклин, тиббиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати, вирусолог ва гепатит C нинг кашфиётчиси Майкл Хоугҳтон, органик кимёгар ва аномерик эффектни кашф этган Раймонд Лемиеухлар бор.
Жамғарма орқали бугунги кунда Канаданинг нуфузли университетларида 5 нафар стипендиатлар таълим олишмоқда.

Мазкур учрашувда Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарманинг фаолияти ҳамда навбатдаги танлов жараёнлари ҳақида маълумотлар берилди. Узоқ вақтдан буён Алберта университети раҳбарияти билан мулоқотлар натижасида Алберта университети томонидан Жамғарманинг магистратура ва PhD таълим дастурларида таълим оладиган стипендиатлар учун мазкур давлат фуқароларига тўланадиган бир стипендиатнинг ўқиш харажатларини 47 фоиз миқдорда чегирма ажратишга розилик берилганлиги ва бугун имзоланадиган меморандумда мазкур таклифлар ўз аксини топганлигини юқори баҳолаб, ўзининг миннатдорчилигини билдирди.
Университет Халқаро қабул бўйича директори Ден Фредрик томонидан Канаданинг Алберта университетига ҳужжат топшириш жараёнлари ва виза олиш масалаларида Жамғарма стипендиатлари учун яқиндан ёрдам беришга розилик билдирилди.
Шу билан бирга, Алберта университетида ўқиш истагида бўлган республикамиздаги талабалар, ўқувчилар, вазирлик ва идора мутахассислари, тадқиқотчилар ва ёшлар учун келгусида онлайн вебинар ва семинарлар ўтказишга келишиб олдилар.
Мазкур учрашув якунида Жамғарма ҳамда Канаданинг нуфузли Алберта университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзоланди.

