2023 йил 19 ноябрь куни Жамғарманинг 2023 йилги 2-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Қашқадарё вилояти ҳудудидаги ходимлар, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Қашқадарё бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 4070 нафар давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Семинарни ўтказишдан мақсад республика ҳудудларидан иқтидорли ёш мутахассисларни излаб топиш ва танлашга қаратилган фаолиятни тубдан такомиллаштириш, уларнинг хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, таълим олишини ташкил этиш, профессионал, чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини шакллантириш ва уларни давлат хизматига жалб этиш мақсадида ташкил этилди.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Шунингдек, онлайн семинарда Қашқадарё вилоятидан бўлган Жамғарманинг хорижда таълим олаётган 16 нафар стипендиатлари ҳам иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар бердилар. Стипендиатларимиздан Буюк Британиянинг “York” университетида магистратура босқичида таҳсил олаётган Шаҳзод Мелиев, Италиянинг “Politecnico di Torino” университетида доктарантура босқичида илмий иш қилаётган Мафтуна Эшқобилова ҳамда кўплаб “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиасига эга чиққан Қашқадарёлик стипендиатларимиз Жамғарманинг танлов жараёнлари шаффоф эканлиги ҳамда унинг имкониятларидан фойдаланиш кераклиги тўғрисида мастер-класс ўтиб беришди.

АҚШнинг “University of South Florida” университетида бакалавр босқичида ўқиётган Муниса Маҳмаджонова танловда ғолиб бўлган стипендиатларнинг хорижий университетларда таълим олишлари учун барча харажатлар Жамғарма томонидан қоплаб берилиши таъкидланди.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, Қашқадарё вилояти ёшлари ва мутахассислари ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар. Ушбу семинарда Ўзбекистон Ички Ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритаётган ҳодимлар ҳам Жамғарма стипендиати бўлиш истаги борлиги ва ҳодимлар бу борада нима қилиши кераклиги тўғрисидаги саволларига “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов томонидан керакли тавсиялар берилди.
Семинарда АҚШнинг “Colorado State University” университети ҳалқаро ишлар бўйича менежери Nathan Duggins ҳам иштирок этиб, номзодларга мазкур университетда таълим олиш имкониятлари юзасидан номзодларнинг қизиқтирган саволларга жавоблар берди ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларига яратилган имкониятлар тўғрисида видео тақдимот ўтказди.
Тақдимот қизғин савол-жавоблар ва муҳокамаларга бой тарзда ўтказилиб, вилоятлар ёшлари ва мутахассислар ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли жавобларни мутахассислардан олдилар, шунингдек, ўзларининг хорижда таълим олишга оид таклифлари билан фаол иштирок этдилар.

