2023 йилнинг 19 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Аҳмедов ва Жамғарма бўлим бош мутахассислари ҳамда Аёва университети халқаро рўйхатга олиш бўйича директор ўринбосари Жорж Калдерон ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Аёва давлат фан ва технология университети Аёва штатининг Эймс шаҳридаги давлат ер гранти тадқиқот университетидир. Университет 1858 йилда Аёва қишлоқ хўжалиги коллежи ва намунавий ферма сифатида ташкил этилган. 1959-йил 4-июлда коллеж расман Аёва давлат фан ва технология университети деб ўзгартирилди. Университет US News ранкингда 263, THE ранкингда 201-250 ўринларда туради.
Аёва давлат университети Аёва штатидаги энг йирик университетдир. Университет саккизта коллеж, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари коллежи, ветеринария тиббиёти коллежи, муҳандислик коллежи, магистратура коллежи, либерал санъат ва фанлар коллежи, дизайн коллежларидан ташкил топган. Улар 100 дан ортиқ бакалавриат дастурлари, 112 та магистрлик дастурлари ва 83 та докторантура дастурлари ҳамда ветеринария тиббиёти бўйича профессионал даража дастурини таклиф этадилар.
Учрашув давомида Ж. Аҳмедов томонидан нуфузли университетда Жамғарма стипендиатларини таълим олиши учун чегирмалар ажратиш юзасидан таклиф киритди ҳамда университет вакили бу таклифни қўллаб-қувватлаб, ҳар бир Жамғарма стипендиатининг ўқиш харажатлари учун 35% миқдорида чегирма ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Шу билан бирга, Жорж Калдерон томонидан Жамғарма стипендиатлари учун ўқиш давомида яхши ютуқларга эришадиган бўлса, университет томонидан янада кўпроқ стипендия ҳам ажратилиши таъкидланди.
Шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
Мазкур учрашув якунида жорий йилнинг ноябрь ойи ўртасига қадар ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган меморандум имзолашга келишиб олинди.
Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими

