2023 йил 20 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлим бошлиқлари А.Хамдамов, А.Аъзамхонов ҳамда Бирмингем университетининг Халқаро талабалар билан ишлаш бўйича директори Вен Хао ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Бирмингем университети 1900 йилда ташкил этилган бўлиб, Буюк Британия ва дунёнинг энг йирик ҳамда нуфузли университетларидан бири ҳисобланади. Бирмингем шаҳрининг марказида жойлашган бўлиб, бугунги кунда мазкур университетда 31 минг талаба таълим олмоқда. Улар орасида чет эллик талабалар 10 мингдан ортиқдир. Университет аёл-қизлар кўп ўқийдиган университетлардан бўлиб, умумий талабаларнинг 58% аёллар улушига тўғри келади. Асосий кампуснинг майдони 330 гектарни ташкил этади, бу Бирмингем университетини Англиянинг марказий қисмидаги энг йирик таълим муассасасига айлантиради.
Университет халқаро QS рейтингининг энг яхши 90 талик университетлардан бири ҳисобланади. Университет санъат ва гуманитар фанлар, муҳандислик ва технология, табиий фанлар, ижтимоий фанлар ва менежмент соҳаси бўйича мутахассислар тайёрлашда илғор университет ҳисобланади.
Учрашув давомида 2023 йилнинг июнь ойида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедовнинг мазкур университетга ташрифи давомида эришилган келишув бўйича ҳозирги вақтда таҳсил олиш учун Жамғарма томонидан юборилган 4 нафар стипендиатлар учун ўқув харажатлари тўлови миқдоридан 15 фоиз миқдорда чегирма ажратиш масаласи университет томонидан қўллаб қувватланганлиги ва тасдиқланганлиги сабабли, октябрь ойида тўланадиган стипендиатларнинг ўқиш харажатларидан мазкур чегирмалар ажратиб тўлашга келишиб олдилар.
Шунингдек, Бирмингем университетида таълим олаётган Жамғарма стипендиатларини таълим олиш жараёнларида яқиндан ёрдам бериш, уларнинг яхши ўқишлари учун қўшимча шароитлар яратиш масаласи юзасидан таклиф университет вакили томонидан маъқулланди. Шу билан бирга, томонлар ўртасида Бирмингем университетида таълим олиш учун борадиган ҳар бир Жамғарма стипендиатлари учун олдиндан талабалар турар жойларидан хоналар банд қилиб қуйилишига келишилди.
Учрашув якунида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Бирмингем университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама ўзаро англашув меморандуми муҳокама қилиниб, октябрь ойида имзоланишига келишиб олинди.

