2023 йил 13 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов ва Бўлим бошлилари А.Хамдамов, Н.Карабаев, А.Аъзамхонов ҳамда Малайзия Олий таълим вазирининг олий таълим бўйича маслаҳатчиси профессор Дато Моршиди Сират, EMGS бошқарув директори Новие Тажуддин, Малайзия Малака агентлиги ижрочи директори профессор Дато Моҳаммад Шатар Сабран, Малайзиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси биринчи котиби Аими Исмоил хоним ва бошқа қатор Малайзия олий таълим муассасалари ва таълим ташкилотлари раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Малайзия Глобал таълим хизмати хорижий мамлакатларда мамлакат таълим тизимини тарғиб этиш ҳамда мамлакатлар ўртасида талабаларнинг алмашинув дастурларини амалга ошириш, қўшма таълим дастурларини йўлга қўйишга кўмаклашиш билан шуғулланади. Мазкур ташкилот Малайзия Олий таълим вазирлиги қошида 2012 йил 13 апрелда таъсис этилган. Ташкилот Малайзиядаги халқаро талабаларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаб уларни визасини расмийлаштиришга яқиндан ёрдам беради.

Малайзия Глобал таълим хизмати Малайзиянинг давлат ва хусусий олий таълим институтлари, тил ва ўқув марказларида олий маълумот олиш учун халқаро талабаларга хизмат кўрсатиш учун “Ягона ойна” марказини бошқаради. “Ягона ойна” маркази Куала-Лумпур шаҳар маркази яқинида жойлашган.
Учрашув давомида Ж.Ахмедов томонидан Жамғарманинг фаолияти, таълим дастурлари ҳамда бакалавриат, магистратура ва докторантура таълим дастурлари асосида Малайзиянинг нуфузли университетларида таълим олаётган 13 нафар стипендиатларни ҳар томонлама қўллаб қувватлаш уларнинг ўқишлари ва яшашлари учун қўшимча шароитлар яратиб бериш таклифини киритди.
Шунингдек, учрашувда ҳамкорлик меморандуми муҳокамаси ва унга доир таклифлар муҳокама қилинди. Малайзия Глобал таълим хизмати (EMGS) бошқарув директори Новие Тожуддин томонидан 2024 йилдан бошлаб Малайзиянинг нуфузли университетларига таълим олиш учун борадиган Жамғарма стипендиатларини ўқиш харажатлари учун 20% дан 50 % гача чегирма ажратиш масаласини университетлар билан ҳамкорликда ҳал қилиб беришини таъкидлаб ўтди.

Шу билан бирга, Жамғарма EMGS билан ҳамкорликда вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчилари учун қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурларини ташкил қилишга келишилди. Малайзия Малака агентлигининг бош директори Муҳаммад Дзафир Мустафо томонидан қисқа муддатли стажировка дастурини ташкил этишда чегирмалар ажратиб беришини маълум қилди.
Шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлар, мактаб битирувчилари ва давлат органларида ишлайдиган ходимлар учун Малайзия университетларида таълим олиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн ҳамда офлайн вебинар ва семинарлар ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув якунида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Малайзия Глобал таълим хизмати (EMGS) ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзоланди.

