Жорий 2023 йилнинг 8 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов ва Бўлим бошлиғи А. Хамдамов, Белгиянинг нуфузли Гент университетининг халқаро ишлар бўйича директори профессор Гуидо Ван Ҳуйленбро ва Халқаро ишлар бўйича маслаҳатчиси Пиетер Паувелслар ўртасида ZOOM платформаси орқали учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Гент университети Бельгиянинг Гент шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. 1817 йилда ташкил этилган ушбу университетда бугунги кунда 41000 нафардан зиёд маҳаллий ва хорижий талабалар таҳсил олади. Университет қуйидаги йўналишлар мутахассисларни тайёрлашда юқори ўринда туради жумладан, биотехнология, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва технология, муҳандислик ҳамда тиббиёт ва фармацевтика соҳалари бўйича дунёда етакчи ўринда туради.
Гент университет дунё рейтингларида ўз нуфузига эгалиги билан ажралиб туради, хусусан “QS World University Ranking” рейтингида 141-ўринни, “Times Higher Education” рейтингида 107-ўринни, “USNews” рейтингида 95-ўринни, “Academic Ranking of World Universities” рейтингида 74-ўринларни эгаллаган.
Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик меморандуми бандларини муҳокамаси ва тегишли бандлари бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Шунингдек, мазкур университетда таҳсил олаётган 3 нафар Жамғарма стипендиатларига кўмак кўрсатиш масалалари кўриб чиқилди. Мазкур меморандум шартлари бўйича 2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Гент университетига магистратура босқичига қабул қилинган ҳар бир Жамғарма стипендиатининг ўқиш харажатлари учун 50 фоиз миқдорида чегирма ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Жамғарманинг 2023 йилги навбатдаги стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлар учун университетда ўқиш имкониятлари ва ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини мазкур университет ҳамкорлигида қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка дастурлари ташкил қилишга келишилди.
Учрашув якунида Гент университет билан жорий 2023 йилнинг октябрь ойида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган меморандум имзолашга келишилди.

