Жорий йилнинг 15 август куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлими бошлиғи А.Хамдамов ва Бош мутахассиси Г.Шамсиддинова, АҚШнинг нуфузли Албани университети Маркетинг бўлими директори Соҳа Акоста ўртасида ZOOM платформаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув давомида Ж.Ахмедов томонидан мазкур университетда Жамғарма стипендиатларини таълим олиши учун чегирмалар ажратиш юзасидан таклиф киритди университет вакиллари томонидан бу таклифни қўллаб қувватланиб, ҳар бир Жамғарма стипендиатининг ўқиш харажатлари учун 40-50 фоиз миқдорида чегирма ажратиш мумкинлигини қайд этди. Шунингдек, магистратура дастури учун 50 фоиз миқдорида чегирма ажратиш ҳамда докторантура дастури бўйича университетнинг ўзи ҳомийлик қилиши бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: АҚШнинг Албани университетига 1844 йилда асос солинган, мазкур университет Ню-Йорк Давлат Университети тизимидаги тўртта "Университет марказлари" дан биридир. 2023 йилда АҚШда фан соҳалари бўйича, жумладан, давлат бошқаруви бўйича ўнинчи, Физика бўйича топ юзталик, Жиноий суд иши бўйича бешинчи ҳамда Социология бўйича топ 50 талик ўринларни эгаллаган. Университет 50 та бакалавриат йўналиши, 125 та магистратура дастурлари мавжуд бўлиб 9 та мактаб ва коллежда 16,648 талаба таҳсил олади.
Университет қуйидаги мактаб ва коллежлардан ташкил топган, жумладан, Муҳандислик ва амалий фанлар коллежи, Рокфеллер жамоат ишлари ва сиёсат коллежи, Бизнес мактаби, Жиноий судлов мактаби ва бошқалар. Албания университети алмашинув дастурлари орқали талабалар 600 дан ортиқ чет элда таълим дастурларини, шунингдек, Ню-Йорк атрофидаги ҳудудларда бизнес амалиётини ўташ имкониятларига эга.
Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва Жамғарма стипендиатларини ушбу университетда таълим олишида кўмаклашиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.
Шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
Шунингдек, университет вакили Соҳа Акоста жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонга ташриф буюриб, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган меморандум имзолашга келишиб олинди.

