“Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари ўқиш жараёнида ўзлари таълим олаётган таълим муассасининг ўқув дастурлари билан биргаликда, ўзларининг йўналишига яқин бўлган қўшимча дастурлар, лойиҳалар ва бошқа ўқув дастурларида иштирок этиши одатий ҳолга айланган.
Буюк Британиянинг нуфузли Оксфорд университетида таълим олаётган Жамғарма стипендиати Муштарий Мадраҳимова ҳам ушбу анъанани давом эттириб, Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси ва БМТнинг илмий-тадқиқот институти томонидан ташкил этилган “Коррупцияга қарши курашиш ва дипломатия” дастурида ўз билимларини оширган ҳолда нуфузли дипломни қўлга киритди.
Муштарий бугунги кунда "Transparency International UK" халқаро нодавлат ташкилотида амалиёт ўташ доирасида, ушбу ташкилот билан ҳамкорликда ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги кўмагида "Ўзбекистонда тиббий хизматларни кўрсатишдаги коррупциявий хавф-хатарлар, уларнинг омиллари ва бартараф этиш бўйича таклифлар" мавзусида тадқиқот олиб бормоқда.
Ишонамизки Муштарий Мадраҳимованинг Халқаро коррупцияга қарши курашиш академияси ва БМТнинг илмий-тадқиқот институтининг дастури доирасида олинган замонавий билим ва кўникмалари, стипендиатимиз олиб бораётган тадқиқот сифатини янада оширишга, мазкур соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

