Жорий йилнинг 4 август куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А. Бекмуродов, раҳбар ходимлари, бўлим бошлиқлари ва Жамғарманинг хорижий нуфузли университет ва илмий марказларда таълим олаётган стипендиатлари иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, уларда миллий қадриятларини ривожлантириш, улар дуч келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш, Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш ҳамда хорижда таълим олаётган мутахассисликлари бўйича мамлакатимизни янада ривожлантириш юзасидан таклифларини ўрганиш ва амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш, уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятини олиб боришни ташкил этиш кўзда тутилган.
Маълумот учун: Жамғарма томонидан бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларда ТОП 300 таликка кирган University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетларида мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган мутахассисликларда, Жамғарма таълим дастурлари бўйича ўқишларини давом эттиришмоқда.
Онлайн мулоқот жараёнида Жамғарма раҳбарияти томонидан стипендиатлар учун яратиб берилаётган қўшимча имкониятлар, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун давлатимиз раҳбари томонидан стипендиатларнинг хорижда таълим олиши учун давлат бюджетидан мунтазам ва барқарор маблағ ажратиб борилаётганлиги, улар мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш учун хорижда олган билим ва тажрибаларини сафарбар этишлари лозимлиги таъкидланди.
Жамғарма стипендиатларига академик ҳисоботлар топшириш юзасидан кўрсатма ва тавсиялар берилди. Шунингдек “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023 йилги Форумини ташкил этиш ва ушбу жараёнларда стипендиатларнинг фаол иштирок этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Стипендиатлар мазкур таклифни қўллаб қувватлашга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Бундан ташқари, Жамғарма стипендиатлари томонидан олиб борилаётган илмий тадқиқотларни бевосита мамлакатимизнинг турли соҳаларини ривожлантириш юзасидан мавзуларни танлашлари тавсия этилди. Ушбу таклиф стипендиатлар томонидан қўллаб-қувватланиб, илмий тадқиқотлар мавзуси тегишли бўлган вазирлик идоралари билан стипендиатларнинг ўзаро ҳамкорлигини ташкил этиш чораларини кўришга келишилди.
Стипендиатлар ўзи таълим олаётган хорижий университетларида Ўзбекистонинг ижобий имиджини янада ошириш юзасидан тақдимотлар, давра суҳбатларини ташкил этиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлари томонидан таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида соҳалари бўйича вазирликларда амалиёт ўташлари юзасидан таклифлар киритилди. Мазкур йўналишда Жамғарма раҳбарияти вазирликлар билан стипендиатларнинг амалиёт ўташлари бўйича яқиндан кўмак кўрсатишларини маълум қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг топшириғига биноан, Президент маслаҳатчилари, Бош вазир ўринбосарлари ҳамда вазирлик, идора ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг хорижда таълим олиши, уларнинг билим ва тажрибаларидан самарали фойдаланиши учун шароитлар яратишга ҳамда уларнинг муносиб иш билан таъминлаш борасида бевосита бириктирилганликлари маълум қилинди.
Онлайн мулоқот жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди. Жамғарма стипендиатлари билан бу каби мулоқотлар ҳар ойда бир маротаба ўтказишга келишиб олинди.

