Бугун “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан мамлакатимизда устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича хориждаги нуфузли университетларда ва илмий марказларда ўқитиш учун буюртмалар портфелини шакллантириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси очиқ эшиклари” тақдимот тадбири бўлиб ўтди.
Тадбирда 200 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кадрлар билан ишлаш бўлинмалари раҳбар ва ходимлари шунингдек, олий таълим муассасалар вакиллари қатнашди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, ва Профессионал кадрларни хорижда тайёрлашга бўлган эҳтиёжни ўрганиш ва прогнозлаш бўлими бошлиғи Ш.Мухаммаджановлар томонидан "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолияти, мамлакатимизда устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича квота лойиҳаларини тайёрлаш ва стипендия танловлари тўғрисида тақдимот ўтказилди.
Тадбир доирасида вазирлик, идора ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ҳамкорликда кадрларни хорижда тайёрлаш бўйича энг устувор мутахассисликларни аниқлаш ҳамда уларга мос равишда стипендия квоталари лойиҳаларини тайёрлаш амалиётини йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди ва хорижда кадрларни тайёрлаш бўйича устувор мутахассисликлар тўғрисида таклифлар билдирилди.
Шунингдек, тадбир давомида Жамғарма орқали хорижда таълим олиб қайтган стипендиатларни муносиб лавозимларга ишга жойлаштириш ҳамда соҳаларда мавжуд муаммолар рўйхатини шакллантириш ва хорижга ўқишга кетаётган стипендиатларга ушбу соҳалар бўйича илмий изланишлар олиб бориш тизимини йўлга қўйиш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

