Халқимиз асрлар давомида катта тантаналар билан нишонлаб келаётган, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан халқаро байрам сифатида белгиланган Наврўзи олам энг ардоқли миллий байрамларимиздан бири ҳисобланади.
Маълумки, Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари бу йил мамлакатимизда “Ҳар кунинг Наврўз бўлсин, жонажон Ўзбекистоним!” деган бош ғоя асосида ўтказилмоқда.
Бунда, асосий эътибор мамлакатимизда Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва инсон қадрини улуғлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, халқимизнинг ҳаёти, дунёқарашида юз бераётган ижобий ўзгаришларни Наврўзнинг азалий қадрият ва анъаналари билан мувофиқ тарзда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Дунёнинг энг нуфузли университетларидан бири бўлмиш THE (The Times Higher Education World University Rankings)да 1-ўринда турувчи Буюк Британиянинг Оксфорд университетида таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати Муштарий Мадраҳимова томонидан Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг хориждаги имижини янада ошириш, мамлакатимиз тарихи, маданий мероси, анъаналари ва қадриятларини кенг тарғиб қилишга қаратилган Наврўз байрами тадбири ўтказилди.

Таъкидлаш лозимки, ташкил этилган ушбу тадбирда 100га яқин университетда таҳсил олаётган турли давлатлардан келган талабалар ва ушбу университетда тадқиқот олиб бораётган профессорлар иштирок этди.
Муштарий томонидан тадбирда Наврўзнинг тарихи ва моҳияти, уни нишонлаш бўйича шаклланган урф-одат ва анъаналар, билан биргаликда Ўзбекистоннинг бой маданий тарихи, туристик салоҳияти Университет жамоасига атрофлича етказилди.
Оксфорд университетида ташкил этилган ушбу байрам тадбирида, миллий таомларимиз, кўклам таомлари ва ширинликларимиз дастурхонга тортилди, Наврўз байрамининг энг муҳим таоми бўлган сумалак айниқса университет жамоасига манзур бўлди.

Тадбирда шунингдек, қадимий урф-одатларимиз кўрсатиб берилди, маданий меросимизнинг ёрқин намуналари бўлган куй ва қўшиқлар, рақслар, жумладан Хоразм лазгиси ижро этилди.
Ҳозирда турли сабабларга кўра чет элда бўлиб турган ҳамюртларимиз томонидан бу каби тадбирларнинг ташкил этилиши, халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти ва эзгу қадриятларини хорижий давлатлар фуқароларига етказишда муҳим аҳамиятга эга.
Тадбир якунида тадбир иштирокчилари томонидан юртимизга ташриф буюриш истаглари борлигини таъкидлаб, мамлакатимиз тарихи, маданий мероси, анъаналари ва қадриятларини ўрганишга қизиқиш билдирдилар. Бундай тадбирлар доимий равишда Жамғарманинг бошқа стипендиатлари томонидан ҳам ўтказилиб борилади.

