Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси инсон қадрини улуғлашга хизмат қилиб, мамлакатимиз тараққиётини янги сифат босқичига кўтаришни мақсад қилиб қўйган.
Давлат ва жамият ҳаётида рўй бераётган туб ўзгариш ва ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши, аввало, бозор иқтисодиёти шароитида мустаҳкам билимга эга, Ўзбекистоннинг бугунги ташқи ва ички сиёсати йўналишларини ҳар томонлама тушунадиган ва таҳлил эта оладиган ёш ҳамда ташаббускор кадрларни етиштиришни тақозо этмоқда.
2018 йилнинг 25 сентябрида Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсан ташаббуслари ва саъй ҳаракатлари билан бошланган эзгу ишларнинг мантиқий давоми сифатида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилди.
Ҳар йили Жамғарма томонидан эълон қилинадиган очиқ стипендия танловларида вазирликлар ва идоралар мутахассислари, профессор-ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, асосан, ёшлар фаол иштирок этиб келмоқда.
Жумладан, 2018 йил давомида 378 нафар, 2019 йил давомида 600 нафар, 2020 йил давомида пандемия даври бўлишига қарамай 15 нафар, 2021 йил давомида 313 нафар, 2022 йил давомида 320 нафар Жамғарма стипендиат идея эътироф этилдилар. Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясига кўра 2026 йилга бориб ушбу кўрсаткични 700 нафарга етказиш режалаштирилмоқда.
Жами 1626 нафар иқтидорли ва истиқболли ёшлар ҳамда соҳа мутахассисларини “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиати сифатида хориждаги ривожланган давлатларнинг таълим муассасалари ва илғор компанияларида таълим олиши ва стажировка ўташи ташкил этилди.
Стипендиатлар дунёнинг жами 42 га яқин давлатида, жумладан АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби илғор мамлакатларнинг270 дан зиёд университетлари, илмий марказлари ва нуфузли компанияларида таълим олишиб, бугунги кунда 1070 нафари мамлакатимизга қайтиб келиб, турли соҳаларда, хусусан таълим, илмий-тадқиқот, соғлиқни сақлаш, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларида самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Айни вақтда 474 нафардан ортиқ стипендиатларимиз АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея, Хитой, Россия каби давлатларда бакалавриат, магистратура, ординатура ҳамда докторантура дастурларида ўқишларини давом эттирмоқдалар.
Бугунги кунда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари дунёнинг энг илғор университетлари ва илмий марказларида, жумладан University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, The University of Chicago, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетлар ва илмий марказларда таълим олмоқдалар.
Жамғарманинг 2022 йилдаги 3-очиқ стипендия танлови 2022 йил 20 сентябрда эълон қилинган бўлиб, унда иштирок этиш учун 976 нафар номзодлардан аризалар келиб тушди. Низом талабларига тўла мос келадиган жами 171 нафар номзодлар танловнинг 2-босқичи, тест жараёнига тавсия этилди.

Танлов комиссиясининг қарорига асосан танловнинг 2-босқич тест жараёнлари Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясида ўтказилди. Танловнинг 2-босқичи тест жараёнида иштирок этган номзодларнинг интеллектуал салоҳияти ва билим даражаси, таҳлил қилиш ва ижодий қобилиятлари даражасини аниқлашга қаратилган тест синовлари натижаларига кўра жами 171 нафар номзодлардан 135 нафари суҳбат босқичига тавсия этилди.
Суҳбат жараёнлари танлов комиссиясига илмий-амалий тажрибага эга бўлган, хусусан, хорижда таълим олган мутахассислар ва экспертларни жалб қилган ҳолда ўтказилди.
Танловнинг 2-босқич суҳбат жараёнида номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсади ва таълим олиш тугагач олинган билимларини Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни билиш даражасини аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат ўтказилди.
Жамғарма Васийлик кенгашининг 2022 йил 14 декабрдаги 7-сон қарорига кўра, танлов ўтказиш йўналишлари ва таълим дастурлари бўйича ажратилган ўринларга мувофиқ, барча саралаш босқичлари талабларига жавоб берган, Жамғарманинг 2022 йилги
3-стипендия танлови натижаларига кўра 58 нафар номзодлар ғолибликни қўлга киритиб, “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди.
Давлатимиз томонидан ёшларга яратиб берилган кенг имкониятларни янада тарғиб этиш ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилги 3-очиқ стипендия танлов босқичларидан муваффаққиятли ўтган 58 нафар ғолибларини тақдирлаш мақсадида 2022 йилнинг 24 декабрь куни сертификатлар топшириш маросими ўтказилди.
Тадбирнинг бошланишида Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради. Сўнгра “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти оид видеоролик намойиш этилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори, “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Ш. Бекмуродов сўзга чиқиб, Мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришда илғор хорижий давлатларда таълим олган кадрларнинг аҳамияти ва бу жараёнда Жамғарманинг ўрни ҳақида сўз юритди.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, хорижда Ўзбекистоннинг ижобий имиджини кенг тарғиб қилишда “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг ўрни ҳақида йиғилганларга маълумот берди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги департаменти директори Л.Ч. Хўжақулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.М. Ҳожиматов, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон, Ўзбекистон адабиёти ва санъати газетаси бош муҳаррири Салим Ашур, Ёшлик журнали бош муҳаррири Нурилла Чори ва бошқа кўплаб давлат ташкилоти раҳбарлари ҳамда, халқимиз суйган инсонлар сўзга чиқиб ўтказилаётган мазкур тадбирнинг ўрни ва аҳамияти ҳақида маъруза қилишди.
Тадбир давомида, “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2022 йилдаги 2022 йилги 226 ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танлови ғолибларига сертификатлар топширилди.
Шундан сўнг, Жамғарма стипендиатлари ва уларнинг ота-оналари сўзга чиқиб ўзларининг табрик ва миннатдорлик сўзларини изҳор этишди.
Шу билан, 2022 йилги 226 ўринга мўлжалланган 3-очиқ стипендия танлови ғолибларига сертификатлар топшириш маросими якунланди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Матбуот хизмати

