Соғлиқ билимлари университети (Истамбул Туркия) томонидан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти базасида очилган Ибн Сино номидаги Тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактаблари 2020-2021 ўқув йили учун қабул эълон қилади.
1903 йилда асос солинган Соғлиқ билимлари университети (Истамбул Туркия), Туркиянинг тиббиёт соҳасига ихтисослаштирилган етакчи университетларидан бири ҳисобланади. Университет 14та факультет, 5та институт, 5та тиббиёт билим юрти ҳамда 20 га яқин илмий-текшириш марказларини ўз ичига олган. Юқорида қайд этилган 2 та факультет 2019 йилда Бухорода ўз фаолиятини бошлади. Ҳозирги вақтда мазкур Ибн Сино номидаги Тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактабида 131 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Соғлиқ билимлари университетининг (Истамбул, Туркия) асосий вазифаси халқаро стандартлар ва соғлиқни сақлаш тизимининг миллий тамойилларига жавоб бера олувчи, ўз касбининг етук мутахассисларини тайёрлаш, шу билан бир қаторда аҳолига сифатли тиббий хизматларни кўрсатишга, жамият ҳаётининг яшаш сифатини кўтаришга хизмат қилувчи тиббиёт соҳасидаги фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотларни амалага оширишдан иборатдир.
Олий ихтисосга эга кадрларни тайёрлаш қуйидаги таълим дастурлари асосида амалга оширилади:
1. “Тиббиёт” бакалавриат (Даволаш иши), ўқиш муддати – 6 йил, квота – 80 киши.
2. Малакали тиббий хизматлар олий мактаби (соғлиқни сақлаш соҳасида ёрдамчи персонални тайёрлаш) - таълим муддати – 3 йил, квота йўналишлар бўйича 120 киши:
- Тез тиббий ёрдам
- Физиотерапия
- Aнестезиология
Соғлиқ билимлари университети (Истамбул Туркия) томонидан Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти базасида очилган Ибн Сино номидаги Тиббиёт факультети ва малакали тиббий хизматлар олий мактабида таълим жараёни Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари талабаларига мувофиқлаштирилган Соғлиқ билимлари университетининг ўқув режаси ва дастурлари асосида турк ва ўзбек тилларида олиб борилади.
Ўқишга қабул қилиш ва битирувчиларнинг аттестацияси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги таълим стандартлари талабаларига мувофиқлаштирилган Соғлиқ билимлари университети (Истамбул, Туркия) томонидан ўрнатилган тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Мутахассисларни тайёрлаш Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг, ҳамда хусусий секторнинг аниқ буюртмаси асосида ташкиллаштирилади.
Ўқиш манзили – Бухоро вилояти.
Таълим олиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади.
Соғлиқ билимлари университети ва Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти педагоглари томонидан олиб борилади.
Энг юқори балл тўплаган абитуриентлар учун, стипендия тўлаш имкони кўриб чиқилмоқда.
Ариза топшириш учун қуйидаги ҳавола орқали руйхатдан ўтинг: http://qabul.bsmi.uz/
Маълумот учун телефон рақамлари: +998916478704 (Жаҳонгир), +998905142592 (Наргиза).
Жамғарма Матбуот хизмати

