Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг кўлами, шиддати ва кенг қамрови билан нафақат юртдошларимиз, балки хорижлик сиёсатчи ва мутахассисларнинг ҳам эътиборини тортмоқда. Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимиздаги янгиланиш ва ислоҳотлар ҳақида сўз кетганда жаҳон ҳамжамияти “Янги Ўзбекистон” деган иборани тилга олмоқда. Бундай эътироф ҳеч муболағасиз юртимиздаги шиддатли ўзгаришларга берилган муносиб баҳодир.
Президентимиз Шарқ донишмандларининг: “Энг катта бойлик — бу ақл-заковат ва илм, энг катта мерос — бу яхши тарбия, энг катта қашшоқлик — бу билимсизликдир!” деган ҳикматли сўзларни мисол келтириб, замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиб бораётганини, нафақат ёшлар, балки бутун жамиятимиз аъзоларининг билими, савиясини ошириш учун, аввало, илм-маърифат, юксак маънавият кераклигини, илм йўқ жойда қолоқлик, жаҳолат ва албатта, тўғри йўлдан адашиш ҳолатлари кузатилишини таъкидлаган эди.
Мамлакатимизда “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш”га қаратилган кенг қамровли ислоҳотларни амалга ошириш учун турли соҳа ва тармоқлар бўйича замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлган, салоҳиятли фидойи ва изланувчан мутахассис кадрларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Шунга кўра, давлатимиз раҳбари томонидан жамиятимизнинг билимли ва истеъдодли кадрларга бўлган эҳтиёжини узоқ муддатга қондириш, иқтисодиётни рақобатбардош мутахассислар билан таъминлаш мақсадида таъсирчан ва изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
2018 йил 25 сентябрда Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармоннинг қабул қилиниши юртимизнинг порлоқ келажаги, элимизнинг умиди ва ишончи бўлган иқтидорли ва истиқболли ёшларимиз учун хорижда таълим олиш ва стажировка ўташ учун ниҳоятда кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Давлатимиз раҳбари “Эл-юрт умиди” жамғармасини ташкил этишдан кўзланган мақсад ҳақида шундай деган эдилар: Истеъдодли кадрларни етакчи хорижий таълим марказларида тайёрлаш ва малакасини ошириш мақсадида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ташкил этилганидан хабарингиз бор. Қандай оғир бўлмасин, тан олишимиз керак, юртимиз равнақи учун энг зарур йўналишлар бўйича изланувчан, истеъдодли ёш кадрларни четда, ривожланган давлатларда ўқитишга мажбурмиз”.
Хорижий мамлакатлардаги энг нуфузли ва етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олиш учун кетаётган бу ёшлар аввало Ўзбекистоннинг, эл-юртимизнинг умиди бўлиб борадилар. Шу боис уларнинг она Ватанимиз олдидаги бурч ва вазифаларининг англашларида, фидойи, ватанпарварлар сифатида янги Ўзбекистонни бунёд этишда менинг ҳам ўз ҳиссам бўлади, деган олий мақсад билан ўқишларида тарихий, маънавий билимларнинг ўрни каттадир.
Президентимиз 2020 йил 29 декабрда Олий Мажлисга қилган Мурожаатномасида ҳар йили илм-фаннинг бир нечта йўналишига устувор аҳамият қаратилиб, уларни жадал ривожлантирилишини таъкидлаган эди. Жумладан, “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан илк маротаба бакалавриатга 100 ўринга, магистратура ва докторантурага эса олдинги йилларга нисбатан 5 баробар кўп ўрин ажратилиши ташаббусини эълон қилинди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси 2021 йил 1 апрелдан 1 майга қадар хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида Ўзбекистон Республикаси учун энг устувор соҳалар, жумладан космик технологиялар, нанотехнологиялар, IT ва рақамлаш-тириш, сунъий интеллект соҳаларида атом ва қуёш энергетикаси ҳамда энергиянинг тикланадиган манбаларидан фойдаланишнинг бошқа йўналишларида соғлиқни сақлаш, фармацевтика, телемедицина, вирусология, микробиология, иммунология ва бошқа соҳаларда электроэнергетика, нефть-газ, нефть-кимё, кимё, металлургия соҳасининг устувор тармоқларида машинасозлик, автомобиль, электротехника, тўқимачилик ва маҳсулотларни стандартлаштириш йўналишларида табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик каби аграр соҳанинг муҳим тармоқларида, шунингдек республикамиздаги бошқа устувор соҳалар ва мутахассисликлар кесимида 350 ўринга мўлжалланган очиқ стипендия танловларини эълон қилинган эди!
Давлатимиз раҳбарининг топшириғига асосан Республика Маънавият ва маърифат маркази “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган стипендия танловларида иштирок этувчи номзодларнинг Ватанимиз тарихи, буюк аждодларимиз мероси, маънавий билимлари даражасини аниқлаш бўйича суҳбат дастурини ишлаб чиқди.
Мазкур суҳбат дастурида “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси асосида Ўзбекистон тараққиётнинг янги даврига қадам қўйгани, амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ислоҳотлар, мамлакатимизнинг халқаро миқёсда олиб бораётган тинчликсевар сиёсати, демократик ислоҳотлар, барча соҳалардаги янгиланишлар, муҳим устувор вазифаларнинг мазмун-моҳияти акс этган.
Шунингдек, дастурда халқимизнинг шонли ўтмиши, миллий давлатчилигимиз тарихи, жаҳон тамаддуни ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз мероси, маънавий-ахлоқий қадриятларимиз, Ватан озодлиги йўлида курашган улуғ саркардалар, миллий қаҳрамонларимиз жасорати, халқимиз бошидан кечирган мустамлакачилик даври, қатағон сиёсати, миллий озодлик ва маърифатпарварлик ҳаракатлари, мустақил тараққиёт йўлида миллий истиқлол ғояси асосида халқимиз босиб ўтган миллий давлатчиликни тиклаш йўли, миллий бурч ва масъулият, юксак ватанпарварлик туйғуси мазмун моҳияти, бугунги кунда глобаллашув туфайли кузатилаётган маънавий таҳдидлар ва бузғунчи ғоялар мазмунини ифодалаган мавзулар ўрин олган.
Бугунги кунда ушбу дастур асосида таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида “Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан эълон қилинган стипендия танловларида қатнашувчи номзодлар билан суҳбатлар ташкил этилди.
Танловнинг ҳар томонлама шаффоф ва ошкора ўтишини таъминлаш мақсадида республикамиздаги вазирлик, идора ва ташкилотлардан, жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълим вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Фанлар академиясидан, шунингдек, мамлакатимизда жойлашган халқаро университетлар: Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер университети, Инха университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Турин политехника университети, қолаверса, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг Халқаро экспертлар кенгаши аъзолари жалб этилди.
Танлов натижаларига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгаши қарорига кўра жорий йил 1 июлда 78 нафар номзодлар Жамғарма стипендиатлари деб эътироф этилди. Жами 78 нафар стипендиатларнинг 37 нафари АҚШ, 21 нафари Буюк Британия, 4 нафардан Германия ва Италияга, 3 нафар Канада, 2 нафардан Бельгия ва Россияга, 1 нафардан Австралия, Австрия, Испания, Франция ва Малайзия давлатларига тўғри келади. Стипендиатларнинг 31 нафари бакалавриат, 38 нафари магистратура ва 9 нафари докторантура таълим дастурларига тўғри келмоқда.
“Янги Ўзбекистонни билимли, фидойи, ватанпарвар ёшлар билан бирга бунёд этамиз!” шиори остида ўтган тадбирда таниқли олимлар, академиклар, адабиёт ва санъат намояндалари сўзга чиқиб янги Ўзбекистонни бунёд этишда билимли, ватанпарвар, фидойи ёшларнинг ўрни қанчалар катта эканлиги, эл-юртимиз хорижий мамлакатларда ўқиш имкониятини қўлга киритган ёшларга қанчалар умид ва ишонч билан қараётганини алоҳида таъкидлаб ўтдилар.
Тадбир давомида “Эл-юрт умиди” жамғармаси танловининг 2021 йилдаги 7 август куни 78 нафар танлов ғолибларига тантанали равишда сертификатлар топширилди. Шунингдек, анжуманда онлайн тарзда Буюк Британия, Германия, Франция, Россия каби давлатларда таҳсил олаётган “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 15 нафар стипендиатлари, уларнинг профессорлар-ўқитувчилари ва илм-фан вакиллари сўзга чиқиб иштирок этдилар.
Жамғарма Ахборот хизмати

