Ҳурматли танлов иштирокчилари!
Қуйидаги ҳолатларга алоҳида эътибор қаратиш сўралади:
Биринчидан, номзодлардан ўзлари ҳужжат топшираётган хорижий олий таълим муассасасидан олинаётган қабул қилиш ҳақидаги хатларнинг (Letter of Acceptance) муддатлари эскирмаган бўлиши шарт.
Иккинчидан, сиз танлаган олийгоҳ THE (The Times Higher Education World University Rankings), QS (Quacquarelli Symonds World University Rankings), The U. S. News and World Report (Best Global University Rankings) ва ARWU (Academic Ranking of World Universities) каби халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингнинг энг илғор 300 та таълим ва илмий муассасалар рўйхатидан жой олган бўлиши ёки фан йўналиши бўйича энг илғор 100 та олий таълим муассасалари рўйхатида бўлиши зарур.
Шунингдек, Жамғарма Васийлик кенгашининг қарорига мувофиқ, айрим таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича юқоридаги рейтинг агентликларининг энг илғор 300 та таълим ва илмий муассасалар рўйхатидан жой олмаган ёки фан йўналиши бўйича энг илғор 100 талик рўйхатидаги таълим муассасаларига ўқишга кирган номзодлар тегишли вазирлик ва идораларнинг тавсиясига асосан танловда иштирок этишлари мумкин.
Масалан, Германия ёки бошқа Европа мамлакатлари илғор университетларида инженер-техник соҳаларида, Россиянинг илғор тиббиёт клиникалари, санъат олийгоҳлари, инновация, стартап ва бошқа тадқиқотларни амалга оширувчи таниқли илмий-амалий марказларда магистратура ёки докторантурага кирганлар, шунингдек, хорижий университетлар ёки илмий марказлар томонидан ўқиш учун тўлиқ стипендия ва илмий грантларга эга бўлганлар Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига кўра мазкур имкониятдан фойдаланишлари мумкин.
Тўртинчидан, агарда талабгор анча олдин қабул қилинганлик ҳақидаги хатни олган бўлса ҳамда айни вақтда танловда иштирок этаётган бўлса, улардан хатларининг муддатларини узайтириш талаб қилинади.
Сабаби, СOVID – 19 туфайли кўпчилик хорижий таълим муассасалари онлайн тарзда фаолият олиб бормоқда. Агарда талабгор танловда ғолиб бўлсаю, лекин унинг қабул қилинганлик ҳақидаги хатининг муддати эскирган бўлса, танлов ғолибларидан қабул қилинганлик ҳақидаги хатларини янгилаш ёки муддати узайтирилганлик ҳақидаги маълумотни тақдим қилиш талаб қилинади.
Бешинчидан, фақатгина стипендия танловининг барча босқичлари ўтказилиб, Жамғарма Васийлик кенгаши қарорига мувофиқ танлов ғолиблари аниқлангандан сўнг, стипендиатларнинг хорижда таълим олишини молиялаштириш ва бошқа жараёнлар амалга оширилади.
Танлов комиссияси техник гуруҳи

