Франциянинг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди
2021 йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Франция Республикасининг Европа ва ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги ташқи савдо ва иқтисодий жозибадорлик бўйича вакил-вазири Франк Риестер бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши доирасида Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўртасида Францияда таълим олиш грантларини қўшма молиялаштириш тўғрисида келишув шартномаси имзоланди.
Дастурнинг мақсади Франция Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги давлат олий ўқув муассасаларида икки мамлакат учун устувор йўналишлар бўйича бакалавр, магистр ва фан доктори (PhD) даражасини олиш учун жўнатиладиган ўзбек талабалари сонини 50 нафаргача ошириш.
Музокаралар давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунида кейинги ҳамкорликнинг шакли ва мақсадларини белгилайдиган келишувларга эришилди.
Ўзбекистон-Франция ҳукуматлараро комиссиясининг 8-йиғилиши доирасида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди:
1. 2021-2030 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик учун йўл харитаси
2. Белдерсай-Чимган-Нанай ҲКЗ ни яратиш лойиҳасини молиялаштириш учун 47,9 млн. евро миқдоридаги молиявий протокол.
3. Тошкентда сув таъминоти тизимини модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳасини молиялаштириш бўйича 119,6 млн. евро миқдоридаги молиявий протокол.
4. 2021-2025 учун Франция тараққиёт агентлиги билан ҳамкорлик дастури.
5. Самарқанд вилоятида фотоволтаик заводини қуриш бўйича молиявий битим.
6. Таълим олиш грантларини қўшма молиялаштириш тўғрисида келишув шартномаси.
Жамғарма Ахборот хизмати

