Жорий йилнинг 25 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори профессор А. Бекмуродов, Жамғарманинг раҳбар ходимлари Малайзиянинг Малая университети директорлар кенгаши раиси ўринбосари Professor Noor Azuan Abu Osman бошчилигидаги делегацияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш масалалари, шунингдек, келгусида ҳамкорлик меморандумини имзолаш муносабати билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувда, А.Бекмуродов томонидан “Эл-юрт умиди” жамғармаси фаолияти, таълим дастурлари ва стипендия танловларини ташкил этиш тартиблари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, мамлакатимизда кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар, Ўзбекистон ёшларининг етакчи хорижий университетларда таълим олиши ва илмий-тадқиқот фаолияти учун яратилган шарт- шароитлар, Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича мутахассисларни хориждаги нуфузли университетларда, жумладан, Малайзияда таълим олишларини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шу билан бирга, республиканинг вазирлик, идора ташкилотларининг мақсадли буюртмаларига асосан қисқа муддатли стажировка дастурларини ҳамкорликда ташкил этиш юзасидан таклифлар киритилди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Малая университети томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Бугунги кунга қадар Малая университетида “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали 2 нафар стипедиатлар магистратура босқичини муваффақиятли тамомлаб Малайзиянинг нуфузли университетида олган илғор билим ва кўникмаларини амалётда меҳнат фаолиятида кенг қўллаб келмоқда ҳамда 10 га яқин стипендиатлар бакалавр, магистратура ва докторантура (PhD) босқичларида таълим олишмоқда.
Бундан ташқари, Малая университети вице-президенти Ўзбек ёшларининг билим олишга бўлган қизиқишларини ҳамда юксак маданият эгалари экканлигини эътироф этиб, Ўзбекистонлик талабаларнинг Малая университетида ўқишларини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.
Мазкур учрашув якуни бўйича томонлар келгусида ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзолашга келишиб олишди.
Шунингдек, мамлакатимиз ёшлари ва илмий изланувчиларга Малая университетида таълим олишда университетнинг қабул жараёнлари ва университетда таълим олиш имкониятлари мавзусида онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.

