Жорий йилнинг 11 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ва Жамғарманинг хорижий нуфузли университетларида таълим олаётган 600 га яқин стипендиатлари иштирокида ZOOM платформаси орқали навбатдаги онлайн мулоқот бўлиб ўтди.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, уларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, уларда миллий қадриятларини ривожлантириш, улар дуч келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш, назарда тутилган.
Учрашувда қуйидаги масалалар муҳокама қилинди: Жамғарма масъуллари томонидан стипендиатларнинг жорий йил 27 октабрь куни бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида фаол қатнашишлари ўзлар муносиб деб топган номзодларга овоз бериши лозимлиги фуқаролик бурчи эканлиги алоҳида таъкитланди. Мазкур сиёсий жараёнларда Жамғарма стипендиатлари муносиб иштирок этишлари, юртимизда амалга оширилаётган ўзгаришларни чет эл ОАВ ларида кенг ёритиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Бундан ташқари, стипендиатларнинг эришган ютуқларини юртимиздаги ва жаҳондаги ОАВ лар орқали жамоатчиликка етказиш, ўқиш даври тугаб бораётганларни юртимизга қайтиб ўз фаолиятини бошлашига кўмаклашиш, ҳар бир университетларда “Uzbek assocation”ларини ташкил қилишга алоҳида урғу берилди.
Стипендиатлар ўзи таълим олаётган хорижий университетларида Ўзбекистонинг ижобий имижини янада ошириш юзасидан тақдимотлар, давра суҳбатларини ташкил этиш ҳамда “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ташкил этиш масалалари юзасидан топшириқлар берилди.
Маълумот учун: Жамғарма томонидан бугунги кунда 600 нафарга яқин стипендиат АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган давлатларнинг академик рейтингларда ТОП-300 таликка кирган, нуфузли университетларида мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган соҳаларда ўқишларини давом эттиришмоқда.
Онлайн мулоқот жараёнида Жамғарма раҳбарияти томонидан стипендиатлар учун яратиб берилаётган қўшимча имкониятлар, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун давлатимиз раҳбари томонидан стипендиатларнинг хорижда таълим олиши учун давлат бюджетидан мунтазам ва барқарор маблағ ажратиб борилаётганлиги, улар мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш учун хорижда олган билим ва тажрибаларини сафарбар этишлари лозимлиги таъкидланди.
Жамғарма стипендиатлари томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар муҳокама қилинди ва уларнинг янги эришган ютуқлари тингланиб, келгусидаги фаолияти тўғрисида кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлари томонидан таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида соҳалари бўйича вазирликларда амалиёт ўташлари юзасидан таклифлар киритилди.
Хорижий университетларда ташкил этилган тадбирларни Жамғарманинг расмий каналларида кўришингиз мумкин.

