Жорий йилнинг 09 сентябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А.Бекмуродов, Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Жамғарманинг АҚШнинг нуфузли университетларида таълим олаётган стипендиатлари иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, уларда миллий қадриятларини ривожлантириш, улар дуч келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш, Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш ҳамда хорижда таълим олаётган мутахассисликлари бўйича мамлакатимизни янада ривожлантириш юзасидан таклифларини ўрганиш ва амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш, уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятини олиб боришни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, ҳозирги кунда АҚШнинг Флорида штатида таҳсил олаётган 20 нафар стипендиатлар билан алоҳида мулоқот қилинди
Маълумот учун: Жамғарма томонидан бугунги кунда 550 нафарга яқин стипендиат АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларда ТОП 300 таликка кирган, University College London, Imperial College London, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетларида мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган мутахассисликларда, Жамғарма таълим дастурлари бўйича ўқишларини давом эттиришмоқда.
Онлайн мулоқот жараёнида Жамғарма раҳбарияти томонидан стипендиатлари учун яратиб берилаётган қўшимча имкониятлар, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун давлатимиз раҳбари томонидан стипендиатларнинг хорижда таълим олиши учун давлат бюджетидан мунтазам ва барқарор маблағ ажратиб борилаётганлиги, улар мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш учун хорижда олган билим ва тажрибаларини сафарбар этишлари лозимлиги таъкидланди.
Стипендиатлар ўзи таълим олаётган хорижий университетларида Ўзбекистоннинг ижобий имиджини янада ошириш юзасидан тақдимотлар, давра суҳбатларини ташкил этиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлари томонидан таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида соҳалари бўйича вазирликларда амалиёт ўташлари юзасидан таклифлар киритилди. Мазкур йўналишда Жамғарма раҳбарияти вазирликлар билан стипендиатларнинг амалиёт ўташлари бўйича яқиндан кўмак кўрсатишларини маълум қилдилар.

