Танлов комиссиясининг жорий йилнинг 31 июлдаги қарорига асосан “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танловининг 2-босқичига тавсия этилган номзодлар учун тест синовлари 2024 йилнинг 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги томонидан ҳудудлар кесимида ўтказилди.
Республика бўйича ўтказилган тест жараёнларида жами 1 010 та номзодлар иштирок этди. Ушбу номзодлар томонидан тўпланган баллар билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.
Жамғарманинг 1-очиқ стипендия танлови 2-босқичи тест синовларида таълим дастурлари (бакалавриат, магистратура ва докторантура) бўйича минимал ўтиш баллари ҳамда кейинги босқичга тавсия этилган номзодлар рўйхати Танлов комиссиясининг қарорига кўра жорий йилнинг 10 август кунига қадар эълон қилинади.
Танлов комиссиясининг қарорига кўра тест синовларини муваффақиятли топширган номзодлар учун учинчи босқичда номзодларнинг хорижда таълим олишдан кўзланган мақсад ва таълим олиш тугагач олинган билимларни Ўзбекистонда қўллаш имкониятлари, танлаган мутахассислиги бўйича билим ва кўникмалари, маънавий-ахлоқий тафаккури, соғлом дунёқараши, миллий ва умуминсоний қадриятларни аниқлашга қаратилган давлат тилида суҳбат жорий йил 12 август кунидан бошлаб Давлат бошқаруви академиясида ўтказилади.
Суҳбат жараёнлари Давлат бошқаруви академиясида эълон қилинган графикка асосан жорий йил 12 август, соат 08.00 дан бошлаб ўтказилади.
Номзодлардан суҳбат жараёнида иштирок этиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан келишлари талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, иловадаги баллар номзодлар томонидан йиғилган баллар ҳисобланади. Ўтиш баллари эса Танлов комиссияси томонидан тасдиқланиб, 10 август кунига қадар эълон қилинади.
Давлат тилида ташкил этиладиган суҳбат жараёни график асосида ташкил этилиб, номзодлар графикда белгиланган кун ва соатда Академияга етиб келишлари лозим. Мазкур график ҳам 10 августга қадар эълон қилинади.
Манзил: 100066, Тошкент ш., Ислом Каримов кўчаси, 45-уй.
Мўлжал: “Ўзбекистон” метро бекати. https://yandex.uz/maps/-/CDe-uT1k
Танлов комиссияси

