2024 йил 9 июль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Тошкент шаҳар бўлими билан ҳамкорликда Жамғарманинг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Тошкент шаҳри ҳудудидаги давлат ташкилоти ходимлари, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинарда 8000 дан ортиқ Тошкент шаҳрининг 11 та туманидан давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Семинарда 7 мингга яқин Тошкент шаҳрининг давлат ташкилоти ва муассасалари вакиллари, олий ўқув юртлари талабалари, профессор-ўқитувчилари, мактаб ўқувчилари, Жамғарма фаолиятига қизиқувчи ёшлар, шунингдек, 45 дан ортиқ нуфузли хорижий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган, Тошкент шаҳридан бўлган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари иштирок этдилар.
Онлайн учрашувда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов томонидан Жамғарма фаолияти, очиқ стипендия танловларининг ўтказилиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизмлари ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасидан фойдаланиш юзасидан тақдимот қилинди.
Жамғарманинг стипендиатлари сони бўйича Тошкент шаҳри биринчи ўринни эгаллаши таъкидланди. Бу эса ўз навбатида Жамғарма танловларига қизиқиш ҳамда хорижий билим ва кўникмаларни ўзлаштиришга бўлган интилиш пойтахтда юқори эканлиги айтиб ўтилди.
Шундан сўнг, Тошкент шаҳридан бўлган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатлари Жамғарма танловлари, нуфузли хорижий университетларда ўқиш имкониятлари, ўзлари босиб ўтган йўл ҳамда номзодлар эътибор қаратиши лозим бўлган алоҳида жиҳатлар тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумот бердилар.
Тошкент шаҳри ёшлари ва мутахассисларига "Эл-юрт умиди" жамғармаси фаолияти, хорижда таълим олиш ҳақида кенг маълумотлар тақдим этиш мақсадида стипендиатлар иштирокидаги телеграм гуруҳи ҳақида ҳам маълумот берилди ҳамда ҳозирги кунда таътилга қайтган стипендиатлар ҳам Жамғарма залидан туриб иштирок этишди ва Тошкент шаҳри ёшларига маълумот беришди.
Семинар қатнашчилари ўзларини қизиқтирган саволларга Жамғарма масъуллари ҳамда стипендиатлари томонидан жавоб олдилар.
Тошкент шаҳри учун ташкил этилган семинар, ушбу учрашувларга якун ясади.

