2024 йил 8 июль куни Жамғарманинг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Сирдарё вилояти ҳудудидаги ходимлар, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилар, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 5800 нафар давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ва олий ўқув юртлари талабалари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Онлайн семинарда Сирдарё вилоятидан бўлган Жамғарманинг хорижда таълим олаётган 7 нафар стипендиатлари ҳам иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар бердилар.

Хусусан Германиянинг “Institute of Inorganis Chemistry Leibniz University Hannover”да илмий иш қилаётган докторант Дилафруз Алланазаровалар ҳам Жамғарма томонидан ўтказилаётган очиқ стипендия танловлари шаффоф ҳолда ўтказилишини таъкидлаб, Стипендиатларнинг таълим олиш даврида мунтазам уларни қўллаб-қувватлаб келаётганларини эътироф этди.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Бундан ташқари барча семинар иштирокчиларига тил билиш кўникмаларини яхшилаш борасида керакли тавсиялар берилди.Учрашув якунида Сирдарёликлар саволларига Жамғарма мутахассислари ҳамда Стипендиатлар томонидан батафсил жавоб берилди.

