2024 йил 5 июль куни Жамғарманинг 2024 йилги 1-очиқ стипендия танлови тартиби билан боғлиқ янгиликларни вазирлик, идора, давлат ташкилотларини Навоий вилояти ҳудудидаги ходимлар, ОТМлар талабалари ҳамда илмий изланувчилари, мактаб битирувчилари ва ёшлар орасида кенг тарғиб этишга қаратилган онлайн ҳудудий семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 4000 нафар давлат ташкилоти ва муассаса раҳбарлари, ходимлари ҳамда олий ўқув юртлари талабалари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган мактабларнинг ўқувчилари ва ёшлар иштирок этдилар.
Онлайн семинарда Навоий вилоятидан бўлган Жамғарманинг хорижда таълим олаётган 8 нафар стипендиатлари ҳам иштирок этиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар бердилар.

Стипендиатларимиздан АҚШнинг “University of Arizona” университетида бакалавр босқичида таҳсил олаётган Исомитдинова Севинч, Хитой Халқ Республикасининг “Shanghai Jiao Tong University”да докторантура босқичида илмий иш қилаётган Саркоржон Қурбонов, ҳамда АҚШнинг “University of Minnesota” талабалари Муҳаммад Баракаев ва Вазира Эгамбердиева ҳам Жамғарма томонидан ўтказилаётган очиқ стипендия танловлари шаффоф ҳолда ўтказилишини таъкидлаб, Стипендиатларнинг таълим олиш даврида мунтазам уларни қўллаб-қувватлаб келаётганларини эътироф этди.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Аҳмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Аҳмедов томонидан барча семинар иштирокчиларига тил билиш кўникмаларини яхшилаш борасида керакли тавсиялар берилди.

