“Эл-юрт умиди” жамғармаси ва АҚШнинг нуфузли Жанубий Калифорния университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди!
108
|
2-iyl, 2024
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ва АҚШнинг нуфузли Жанубий Калифорния университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди!
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлим бошлиқлари ҳамда АҚШнинг Жанубий Калифорния (University Of Southern California) университети Вице-президенти Профессор Антоний Баилер ўртасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш бўйича онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Жанубий Калифорния университети 1880 йилда Лос-Анжелесда адвокат Роберт Виднининг саъй-ҳаракатлари туфайли ташкил этилган. Жанубий Калифорния университетида 17 та факультет мавжуд бўлиб, университетда 38 мингга яқин талаба таҳсил олади, уларнинг 22 фоизи чет эл фуқароларидир.
Мазкур университет халқаро миқёсда эътироф этилган академик рейтингларда жумладан, Thе U. S. Nеws аnd Wоrld Rеpоrt (27 ўринни), TНE (65 ўринни) эгаллаган.Университетнинг асосий ғурури механик муҳандислик йўналиши, санъат вa гуманитар фанлар мактаби бўлиб, у ерда энг кўп тадқиқотлар олиб борилади вa архитектура, дизайн, журналистика бўйича энг яхши дастурлар таклиф этилади. Ушбу дастурларнинг аксарияти соҳа бўйича дунёнинг энг яхши 60 талик рейтингига киритилган. Университет битирувчиларни иш билан таъминлаш бўйича юқори кўрсаткичларга эга.
Жанубий Калифорния университети масъулларига Ж.Ахмедов томонидан Жамғарма фаолияти таълим дастурлари ва стипендия танловлари юзасидан батафсил маълумот берилди.
Учрашувда, Жамғарма ва Жанубий Калифорния университети билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка курсларини ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Мулоқот давомида томонлар ҳамкорликнинг истиқболлари, таълим дастурлари бўйича Жамғарма стипендиатларининг Жанубий Калифорния университетида таълим олиш имкониятлари, уларга қулай шарт-шароитлар яратиш, Жамғарма орқали университетда таълим олишни режалаштираётган ҳар бир стипендиатларнинг ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш
ва бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Учрашув давомида Жанубий Калифорния университети раҳбарияти олдинги учрашувда муҳокама қилинган Жамғарманинг магистратура таълим дастури стипендиатлари учун чегирмалар беришга тайёр эканликларини маълум қилди.
Мазкур учрашув якуни бўйича томонлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболини белгиловчи юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама меморандум имзоланди ва эндиликда Жамғарманинг ҳар бир стипендиати ўқиш харажатларидан 25% чегирма ажратиладиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, бу каби нуфузли хорижий университетлар билан ҳамкорлик алоқаларни ўрнатишда хорижий университетларда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари муҳим роль ўйнамоқда.