2024 йилнинг 5 июнь куни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги мактаблар битирувчи синф ўқувчилари ҳамда ўқитувчилари учун “Kaplan International Pathways” таълим ташкилоти вакилларининг Британиянинг “Queen Mary University of London”, “University of Bristol”, “University of York”, “University of Birmingham” каби дунё миқёсидаги халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган олий таълим муассасаларида бакалавриат босқичида таълим олиш имкониятлари бўйича ZOOM иловаси орқали вебинар ташкил этилди.
Маълумот учун: “Kaplan International Pathways” таълим ташкилотига кирувчи университетлар, дунёнинг халқаро рейтингларида юқори ўринларга эга. Мазкур халқаро ташкилот билан "Эл-юрт умиди" жамғармаси 2023 йил июнь ойида икки томонлама меморандум имзолаган бўлиб унга кўра ҳар бир стипендиатни ўқиш харажатларидан 25 фоизли чегирмалар олишга эришилган.
Мазкур вебинарда Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б Жавохир Аҳмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари, “Kaplan International Pathways” таълим ташкилотининг Ҳомийлар билан ишлаш директори Крис Браун, Халқаро менежер Лилия Гаисина иштирок этишиб, республикамиздаги мактаб ўқувчилари ва ўқитувчилари ҳамда бакалавриатда таълим олишни режалаштирган номзодлар учун тақдимот қилинди.
Вебинарда, Буюк Британиянинг “Kaplan International Pathways” таълим ташкилотига кирувчи университетларига ўқишга қабул қилиш имкониятлари, талабаларга яратиб берадиган шароитлар, ҳужжат топшириш жараёнлари ва берилаётган “Scholarship”лар тўғрисида маълумот берилди.
Вебинарда ушбу университетда таҳсил олувчи Жамғарманинг 5 нафар стипендиати ҳам қатнашиб, университет қандай қилиб ҳужжат топшириш керак, Жамғарма танловларидан муваффақиятли ўтиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги ва университетга келгандан кейин нималарни билиш кераклиги тўғрисида тавсия ва маслаҳатлар беришди.
Учрашув қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтказилди. Тақдимотдан сўнг иштирокчилар масъулларга ўзларини қизиқтирган масалалар бўйича саволлар беришди ва барча саволларга батафсил жавоб олишди.
Ушбу вебинарда юртимизнинг турли вилоятларидан ва мактаблардан ҳамда Жамғарма фаолияти кузатиб борувчи обуначилардан жами 2,000 дан ортиқ киши иштирок этди.

