2024 йилнинг 30 май куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ва Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Колорадо давлат университетининг Халқаро талабалар билан ишлаш бўйича директори Натан Дуггинс (Natan Duggins) ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Колорадо давлат университети (Colorado State University) 1870 йил ташкил этилган. Бугунги кунда университетда 23500 дан ортиқ талабалар таҳсил олади ва улардан 1200 нафардан ортиғи чет эллик талабалардир. Университет ўз талабаларига турли соҳаларда 1500 дан ортиқ мутахассисликларни таклиф этиб келмоқда. Битирувчилари орасида штат губернаторлари, йирик корпорациялар президентлари ва бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.
Университет доимий равишда “News and World Report’s rankings” рейтингида 276 ўринда “Американинг энг яхши университетлари” рейтингида юқори даражадаги университет сифатида ўрин эгаллайди ва яқинда “Барқарор ривожланишни ўрганиш, баҳолаш ва рейтинг тизими” бўйича, барқарор ривожланиш бўйича 1-ўринни эгаллади. Юқумли касалликлар, тоза энергия технологиялари, атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги ҳамда биомедицина технологиялари тадқиқотлари учун ҳар йили университетга 300 миллион доллардан ортиқ маблағлар жалб этилади.
Колорадо давлат университети ветеринария тиббиёти йўналишида (QS-14), журналистика, қишлоқ хўжалиги йўналишида (QS-46) ўринни эгаллаган.
Маълумот учун: 2022 йилнинг 9 февраль куни ушбу университет билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланган бўлиб, меморандумга кўра, Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатларидан 20% чегирма бериш белгиланган эди. Бугунги кунда ушбу университетда Жамғарманинг 22 нафар стипендиати таҳсил олмоқда.
Учрашувдан кўзланган мақсад – “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва АҚШнинг Колорадо давлат университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва Жамғарма стипендиатларининг Колорадо давлат университетида таълим олишини ташкил этиш ва ўқув тўловларидан қўшимча чегирмалар олиш масалаларидан иборат.
Учрашув давомида Жавохир Ахмедов томонидан АҚШнинг Колорадо давлат университетига 2024 йил кузги семестр (Fall Semester) учун Жамғарма стипендиатларининг юборилишини таъкидлаб ўтди ҳамда стипендиатларининг ҳар бири учун 35% чегирма ажратиш таклиф қилинди.
Шу билан бирга, Натан Дуггинс томонидан Жамғарма стипендиатларига яқиндан кўмак беришини таъкидлади.
Учрашув натижаларига кўра, 2024 йилдан бошлаб, Колорадо давлат университетига таҳсил олиш учун бораётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендиатларининг ўқиш харажатларидан 33% чегирма ажратиш ҳамда 2 нафар учун 50% чегирмалар ажратишга келишилди.

