Жорий йилнинг 3 май куни соат 11:00 да Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Шарипов Конгратбай Авезимбетовичнинг "Эл-юрт умиди" жамғармаси стипендиатлари билан "Олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида халқаро тажрибанинг ўрни" номли очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Очиқ мулоқот, “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали дунёнинг нуфузли олийгоҳларида таълим олиб қайтган ва ҳозирда Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини олиб бораётган битирувчилар учун вазирликда офлайн кўринишида ва Жамғарма стипендияси орқали дунёнинг ривожланган мамлакатларида таҳсил олаётган стипендиатлар учун онлайн кўринишда бўлиб ўтди.
Ушбу учрашувда вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавоҳир Ахмедов ва Жамғарма ходимлари ҳамда стипендиатлари иштирок этди.
Ушбу тадбирни ташкил этишдан мақсад, стипендиатлар билан доимий мулоқот ўрнатиш ва уларни қийнаб келаётган ёки қизиқтирган масалаларга ечим топишдан ҳамда олий таълим, фан ва инновациялар соҳасини такомиллаштириш бўйича хориж тажрибасини амалиётга жорий этишда таклиф ва тавсияларини тинглашдан иборат.
Учрашувда 50 нафар офлайн ва 300дан ортиқ онлайн тарзда Жамғарма стипендиатлари иштирок этиб, ўз фикр ва ташаббусларини билдиришди.

Учрашувда иштирок этган Шарипов Конгратбай Авезимбетович барча стипендиатларни истиқболли таклиф ва режаларни ҳар доим қўллаб қувватлашга тайёр эканлигини маълум қилдилар. Шунингдек, хорижий билим ва тажрибага эга бўлган Жамғарма стипендиатларини вазирлик тизимидаги ташкилотларига ишга қабул қилишга тайёр эканликларини билдиришди.
Шунингдек, Жамғарма стипендиатлар таътил вақтида мамлакатимизга қайтганларида уларни мазкур вазирликда амалиёт ўташлари бўйича таклифларига вазирлик раҳбарияти шароитлар яратиб беришга тайёрлигини маълум қилди.
Шу билан бирга, учрашув давомида мазкур вазирликдан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотда бўладиган вакиллар бириктирилишига келишиб олинди.
Онлайн учрашув жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда ўтказилиб, вазирликнинг барча раҳбар ходимлари билан Жамғарма стипендиатлари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконияти яратилиб, ҳамкорликда лойиҳалар амалга оширишга келишиб олинди.
Очиқ мулоқот Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва "Эл-юрт умиди" жамғармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

