Жорий йилнинг 19 апрель куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавоҳир Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда “Kaplan International Pathways” ташкилоти Инсон ресурслари ва маркетинг бўйича директори Грегорий Ҳоробин, Ҳомийлар билан ишлаш бўлими директори Крис Браунлар ва Халқаро менежери Лилия Гаисина ўртасида ҳамкорлик алоқалари янада кенгайтириш юзасидан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “Kaplan International Pathways” ташкилоти 1938 йил АҚШ да ташкил қилинган бўлиб, 2005 йилдан бошлаб Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида фаолият юритиб келмоқда. Халқаро ташкилотнинг дунё рейтингида энг юқори ўринларни эгаллаган Буюк Британия, Австралия ва Янги Зеландия АҚШ каби ривожланган давлатлардаги 20 дан ортиқ университетларда бакалавриат дастури бўйича бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқишини ташкил этиб келмоқда.
2023 йилнинг 20 июнь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Каплан халқаро ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Мазкур меморандум доирасида Жамғарманинг бакалавриат дастури бўйича бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқийдиган стипендиатлари учун алоҳида ўқиш харажатларидан 25 фоизига қадар чегирмалар ажратилиши кўзда тутилган.

Мазкур учрашувда, Жамғарма ва Каплан халқаро ташкилоти ўртасида давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастури масаласи ҳамда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари талабалари ва мактаб ўқувчилари учун онлайн вебинарлар ташкил этилиши муҳокама қилинди.
Каплан халқаро ташкилоти вакиллари томонидан давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастурини юқори даражада ташкил этиб бериш ҳамда дастурлар учун Жамғармага алоҳида чегирмалар ажратилишини маълум қилдилар.
Учрашув сўнггида, бир йиллик тайёрлов курслари (Foundation Year)да ўқийдиган стипендиатлари учун янада кўпроқ чегирмалар олиш, уларга кенгроқ шароитлар ва имкониятлар яратиш масалалари ҳам муҳокама қилиниб, томонлар ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини келишиб олдилар.

