Жорий йилнинг 4 апрель куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директори А. Бекмуродов, Жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б. Ж.Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Қозоғистоннинг “Болашак” дастури раҳбарияти билан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Қозоғистон Республикаси Ҳукуматининг 2005-йил 4-апрелдаги 301-сонли қарори билан устав капиталида давлатнинг 100 фоиз иштирокида “Халқаро дастурлар маркази” акциядорлик жамияти ташкил этилди. Кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича халқаро дастурларни, шу жумладан Қозоғистон Республикаси Президентининг “Болашак” халқаро стипендияси доирасидаги тадбирлар мажмуини амалга ошириш фаолиятнинг асосий шакли ҳисобланади.
“Болашак” дастурнинг мақсади – мамлакат иқтисодиётининг устувор тармоқлари учун кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш. Дастур дунёнинг етакчи компаниялари ва университетларида академик таълим (магистратура, докторантура) ҳамда илмий ва ишлаб чиқариш амалиётини ўз ичига олади.
Мазкур онлайн учрашувда, Жамғарма ижрочи директори А. Бекмуродов “Болашак” дастури “Халқаро дастурлар маркази” бошқаруви раиси Алия Оспановани Жамғарма фаолияти билан таништирди.

Учрашув давомида, “Халқаро дастурлар маркази” бошқаруви раиси Алия Оспанова ҳам дастурнинг фаолияти, стипендиатларни мониторинг қилиш ва таълим дастурлари бўйича стипендия танловларини ташкил этиш, стипендиатлар учун яратиб бериладиган имкониятлар ҳамда уларга қўйиладиган асосий талаблар ҳақида маълумот берилди.
Жамғарма ва “Болашак” расмийлари стипендия дастурлари ҳақида ва уларнинг амалга оширилиш механизми тўғрисида тажрибаларалмашишди. Хорижда таълим олаётган стипендиатлар сони ва ҳозиргача дастурлар доирасида таълим олиб қайтган стипендиатлар ва уларнинг иш фаолияти, мажбуриятлари тўғрисида маълумот берилди.
Учрашув сўнггида, ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, Жамғарма ҳамда Болашак ўртасида самарали меморандум имзолашга келишиб олинди.
Яқин кунлар ичида икки томон рамийлари ўртасида ўзаро учрашув ўтказишга келишилди.


