Жорий йилнинг 3 апрель куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Aхмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Қатарнинг Ҳамад бин Халифа университети Иқтисодиёт ва молия кафедраси доценти Мустафа Дисли, факультет профессори доктор Адам Шишани ва Халқаро қабул бўйича масъул доктор Искандарлар ўртасида ҳамкорлик алоқалари юзасидан онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Ҳамад Бин Халифа университети Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида жойлашган давлат университетидир. Қатар фонди аъзоси бўлган университет 2010 йилда ташкил этилган. Университетга Қатарнинг собиқ амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний номи берилган.
Университетда Исломшунослик коллежи, Гуманитар ва ижтимоий фанлар коллежи, Фан ва муҳандислик коллежи, Ҳуқуқшунослик коллежи, Табиий фанлар коллежи, Давлат сиёсати коллежлари мавжуд бўлиб уларда магистратура дастурларига ахборот ва ҳисоблаш технологиялари, табиий фанлар, исломшунослик, исломий молия, шарқшунослик, таржимашунослик ва ҳуқуқ фанлари ўқитилади. Исломий молия бўйича магистрлик дастури ўзининг кенг қамровли ўқув дастури ва ҳурматли профессор-ўқитувчилари билан бутун дунёга машҳур.

Мазкур онлайн учрашувда, Жавохир Aхмедов томонидан Жамғарма фаолияти ва очиқ стипендия танловлари жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, қисқа муддатли стажировка дастури, унинг таркибий қисмлари ва мазмун-моҳиятини ҳақида маълумотлар берилди ўз навбатида, университет вакили Мустафа Дисли томонидан ҳам университет ҳақида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, стажировка дастурини ҳамкорликда амалга ошириш таклифи университет томонидан қўллаб-қувватланди.
Учрашувда Ҳамад Бин Халифа университети билан келгусида мазкур университетда ўқиш имкониятлари ҳақида онлайн вебинарлар ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашув сўнггида, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини белгиловчи меморандум имзолашга келишиб олинди.

