“Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов, Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Саксония олийгоҳларининг Ўзбекистондаги офиси раҳбари Злиха Тилеуова ўртасида Жамғармада учрашув ташкил этилди.
Учрашувдан кўзланган мақсад – “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Саксония олий таълим муасcасалари билан ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат.
Мазкур Офис Саксония ўлкаси олийгоҳларида ўқиш истагини билдирган Ўзбекистон ёшлари учун алоқа ва маслаҳат маскани сифатида хизмат қилади.
Шу тариқа Офис Ўзбекистон ёшларининг эътиборини Саксония олийгоҳларида таклиф этиладиган турли ва долзарб соҳаларга оид таълим дастурларига жалб этишни ўз олдига бирламчи мақсад қилиб белгилаган.
Ўзбекистонда муҳандислик, архитектура, компьютер фанлари каби техникавий соҳаларда юқори малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёж каттадир кончилик, геология, автомобилсозлик, машинасозлик, материалшунослик, атроф-муҳит, Саксония олийгоҳлари ушбу соҳаларда салмоқли ва дунё миқёсида тан олинган тажрибага эгадир. Шу ва бошқа йўналишларда Саксония олийгоҳларини муваффақиятли битирган Ўзбекистон ёшлар мамлакатимиз юксалишида етакчи соҳа мутахассислари бўлиб хизмат қилишади.
Ҳамкорлик алоқалари ўрнатилаётган 10 та олийгоҳ хақида қисқача маълумот :
Дрезден Техник Университети (нем. Technische Universität Dresden) Дрезден ва Саксония шаҳарларида жойлашган йирик олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.Университет 1828 йилда ташкил этилган. Талабалар сони бўйича Дрезден Техника Университети Германиядаги техник университетлар орасида биринчи ўринда туради. У ерда 125 мамлакатдан 30 000 дан ортиқ талаба таҳсил олади ва 600 га яқин профессор-ўқитувчилар дарс беради. Университет 8700 га яқин ходимнинг иш берувчиси ҳисобланади. Дрезден Техника Университетида Сиз қуйидаги фан йўналишларида таҳсил олишингиз мумкин: биология, кимё, озиқ-овқат кимёси, математика, физика, психология, электротехника, ахборот технологиялари, машинасозлик, архитектура, қурилиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, транспорт, иқтисод, гуманитар ва ижтимоий фанлар, фалсафа, тил
ва тиббиёт.
Лейпциг университетига 1409 йилда асос солинган (нем. Universität Leipzig) Европадаги энг қадимий университетлардан бири бўлиб, замонавий Германияда Гейделберг университетидан (1386) кейин иккинчи энг қадимги узлуксиз фаолият юритувчи университетдир. Университетда 30 мингга яқин талаба таҳсил олади,
452 нафар профессор-ўқитувчилар дарс беради. Лейпциг университетида қуйидаги таълим йўналишлари бўйича ўқиш мумкин: ҳуқуқ, тарих, санъат, шарқшунослик, филология, педагогика, ижтимоий фанлар, фалсафа, бизнес ва иқтисодиёт, спорт, тиббиёт, математика, информатика, физика, геология, кимё, минералогия
ва ветеринария.
Чемнитз технология университети ( нем. Technische Universität Chemnitz) — Саксониянинг Хемнитс шаҳрида жойлашган олий ўқув юрти. У 1878 йилда ташкил этилган. Университетда 150дан зиёд профессор дарс беради. Университет қуйидаги фан соҳаларига ихтисослашган: математика, машинасозлик, электротехника
ва ахборот технологиялари, компьютер фанлари, иқтисодиёт, фалсафа, гуманитар
ва ижтимоий фанлар.
Техника университети Фрайберг кончилик академияси (нем. Technische Universität Bergakademie Freiberg (TUBAF) - Саксониянинг Фрайберг шаҳрида жойлашган техника университетидир. Асосий ихтисосликлари - минералогия, геология, металлургия, материалшунослик, энергетика ва экология. Олийгоҳда 3471дан ортиқ талаба таҳсил олади, ва уларнинг 41% чет эллик талабалардир.
Митвайда институти (нем. Hochschule Mittweida) Саксониянинг Митвайда шаҳрида жойлашган, 1867 йилда ташкил этилган олийгоҳдир. Олийгоҳда 6000дан зиёд талаба таҳсил олиб, унда муҳандислик, оммавий ахборот воситалари, иқтисодиёт ва ижтимоий фанлар, шунингдек, компьютер фанлари бўйича таълим дастурлари таклиф этилади, уларнинг баъзиларида ўқиш масофавийдир. Олийгоҳ Германияда математикани инглиз тилида ўқитадиган ягона давлат олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Бундан ташқари Свикау Ғарбий Саксония институтида (нем. die Westsächsische Hochschule Zwickau (WHZ) ҳамда Ситтау/Гёрлитс институтининг (нем. die Hochschule Zittau/Görlitz) университетлари билан ҳам ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш борасида музокаралар оли борилди.
Учрашувда Жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарма ҳақида қисқача маълумот берилди.
Шунингдек, Жамғарманинг очиқ стипендия танловида ғолиб бўладиган Жамғарма стипендиатларини Саксонияда жойлашган Дрезден техника университети, Лайпсиг университети, Хемнитс техника университети, Техника университети Фрайберг кончилик академияси, Митвайда институти Лайпсиг техника, иқтисодиёт ва маданият институти, Дрезден техника ва иқтисодиёт институти, Свикау Ғарбий Саксония институти, Ситтау/Гёрлитс институтларига ўқишга юборишни ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Злиха Тилеуова томонидан Жамғарма стипендиатлари мазкур университетларда исталган соҳада, жумладан, муҳандислик, машинасозлик, қурилиш ва телекоммуникация соҳаларида таҳсил олишлари мумкинлигини таъкидлади.
Мазкур учрашув якунида, Жавохир Ахмедов томонидан 2024 йилда ўқишни режалаштираётган номзодлар учун “Саксонияда жойлашган университетларда таълим олиш имкониятлари” ҳақида вебинар ташкил этишни таклиф этди ва ушбу таклиф Злиха Тилеуова томонидан қўллаб-қувватланди.

