2024 йил 22 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов, Жамғарма бўлими бошлиқлари ҳамда Австралиянинг Сидней университети Халқаро алоқалар бўйича директори Тим Фиелд, Халқаро қабул бўйича менежери Ҳалил Эвике ва мутахассис Габриэл Радулар ўртасида Жамғармада учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: 2023 йил 4 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж.Ахмедов, Бўлим бошлиқлари А.Хамдамов, А.Аъзамхонов ҳамда Сидней университетининг Халқаро ривожланиш ва ҳомийлик масалалари бўйича директори Анна Кирҳам ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди. Учрашувда Жамғарма стипендиатларининг ҳар бирининг ўқиш харажатларидан 20% чегирма олишга келишилган эди.
Сидней университети (University of Sydney) Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. Университетга 1850 йилда асос солинган. У Австралиядаги энг қадимги 6 та университетлардан биридир. Бу дунёдаги биринчи университетлардан бири бўлиб, талабаларни фақат академик кўрсаткичларга кўра қабул қилади.
Университет халқаро рейтингда QS – 19 ўринни эгаллаган. Университет саккизта академик факультет ва мактабларини ўз ичига олади. Жумладан, Муҳандислик факультети, Санъат ва ижтимоий фанлар факультети, Сидней университети бизнес мактаби, Тиббиёт ва саломатлик факультети, Ижтимоий фанлар факультети, Сидней архитектура, дизайн ва режалаштириш мактаби, Сидней мусиқа консерваторияси ва Сидней ҳуқуқ мактаби. Университет битирувчилари орасида 8 та Австралия бош вазирлари, 5 та Нобел мукофоти совриндорлари, амалдаги Президент Энтони Албанесе, Австралиянинг 2 та генерал-губернатори таълим олган.
Учрашув давомида, Жавоҳир Ахмедов томонидан Жамғарманинг фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ҳозирги кунда Австралиянинг 4 та олий таълим муассасаларида ўқиётган 11 нафар Жамғарма стипендиатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Бугунги кунда 2023 йилги 2-стипендия танловида ғолиб бўлган стипендиатлар орасидан 2 нафари Сидней университетига ўқишга бориши уларга қўшимча шароитлар ва имконият яратиб бериш масаласи муҳокама қилинди. Жамғарма томонидан 2024 йилги очиқ стипендия танловларида техник соҳа мутахассисликлари бўйича кадрлар, жумладан, малакали инженер ҳамда технологлар тайёрлашга устуворлик берилиши таъкидлаб бу йўналишда Сидней университети илғор тажрибага эга эканлигига алоҳида тўхталди. Мазкур масалада Тим Фиелд яқиндан ёрдам беришини таъкидлади.
Учрашув давомида, 2024 йилнинг март ойининг ўрталарида “Австралиянинг Сидней университетида таълим олиш имкониятлари” тўғрисида онлайн вебинар ўтказишга келишилди.
Яна бир муҳим янгилик бу Сидней университетида ўқимоқчи бўлган докторантлар учун илмий раҳбар топишда кўмаклашиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Сидней университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган Жамғарманинг ҳар бир стипендиатнинг ўқиш харажатларидан 20 фоиз чегирма ажратиладиган икки томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

