Жорий йилнинг 15 февраль куни ZOOM орқали “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов, Бўлими бошлиқлари ҳамда АҚШнинг нуфузли Сиракуз университети Максвелл фуқаролик ва жамоатчилик билан алоқалар мактабининг “Тезлаштирилган таълим ва бошқарув таълимида глобал иштирок” бўлими директори Даниэл Нелсон ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
2019 йилда ушбу университет Жамғарма ўртасида меморандум имзоланган бўлиб,
2022 йилда Жамғарма вакиллари Сиракуз университетига бориб стипендиатлар ўқиш жараёнлари ва уларга яратиб берилган имкониятларни кўриб, ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилган эди.
Маълумот учун: Сиракуз университети AҚШнинг хусусий тадқиқот университети бўлиб, Нью-Йоркнинг Сиракуз шаҳрида жойлашган. Сиракуз университети 1870 йил 24 мартда ташкил этилган ва дунёнинг етакчи университетлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда университетда 22 000 дан ортиқ талаба таҳсил олади.
Университетнинг архитектура, алоқа, бизнес бошқаруви, инклюзив таълим, давлат бошқаруви, муҳандислик каби устувор соҳаларда 13 та мактаб ва коллежлари фаолият олиб бормоқда.
Университет битирувчилари орасида 3 та Нобел мукофоти совриндори, 36 та Олимпия медали совриндорлари, Америка Қўшма Штатларининг 46-Президенти Жо Байден ва AҚШ Сенати ва Вакиллар палатасининг турли губернаторлари аъзолари бор.

Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини юқори даражага олиб чиқиш бўйича бир қатор масалалар муҳокама қилинди, жумладан, Сиракуз университети Максвелл фуқаролик ва жамоатчилик билан алоқалар мактабида магистратура ва докторантура дастурида таълим олаётган Жамғарма стипендиатларига университетда яратиб берилган шароитлар, уларни яхши таълим олишлари учун ҳамкорликда келажакда амалга ошириладиган вазифалар, уларни ўқиш харажатларидан чегирмалар олиш каби муҳим масалалар муҳокама марказида бўлди.
Учрашув давомида Жавохир Ахмедов томонидан вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини ушбу университетда қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил қилиш ҳамда республикамиздаги олий таълим муассасаларига университет профессор-ўқитувчиларини жалб этиш бўйича таклиф киритди.
Ўз ўрнида мазкур таклифлар Даниэл Нелсон томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Мазкур учрашувда Жамғарма стипендиатларини ушбу университетда таълим олишида кўмаклашиш шунингдек, Жамғарма стипендия танловида иштирок этиш истагида бўлган номзодлари учун университетда ўқиш имкониятлари, ҳужжат топшириш жараёнлари бўйича онлайн вебинар ташкил этишга келишиб олинди.
Учрашувлар якунида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган янгиланган икки томонлама меморандум имзолашга келишиб олинди.

