2024 йилнинг 13 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ва Жамғарма бўлим бош мутахассислари ҳамда Колорадо давлат университети декани Травис Майнард билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Колорадо давлат университети (Colorado State University) 1870 йил ташкил этилган. Бугунги кунда унда 23500 дан ортиқ талабалар таҳсил олади ва улардан 1200 нафардан ортиғи чет эллик талабалардир. Колорадо штати университети ўз талабаларига турли соҳаларда 1500 дан ортиқ мутахассисликларни таклиф этиб келмоқда. Университет битирувчилари орасида штат губернаторлари, йирик корпорациялар президентлари ва бошқа кўплаб таниқли шахслар бор.
Университет доимий равишда “News and World Report’s rankings” рейтингида “Американинг энг яхши университетлари” рейтингида юқори даражадаги университет сифатида ўрин эгаллайди ва яқинда “Барқарор ривожланишни ўрганиш, баҳолаш ва рейтинг тизими” бўйича, барқарор ривожланиш бўйича 1-ўринни эгаллади. Юқумли касалликлар, тоза энергия технологиялари, атроф-муҳит ва қишлоқ хўжалиги ҳамда биомедицина технологиялари тадқиқотлари учун ҳар йили университетга 300 миллион доллардан ортиқ маблағлар жалб этилади.
Колорадо давлат университети Америка Қўшма Штатлардаги энг нуфузли тадқиқот университетларидан бири ҳисобланиб, ветеринария тиббиёти ва терапияси йўналишида (QS-14), журналистика, қишлоқ хўжалиги йўналишида
(QS-46) ўринни эгаллаган.
Учрашувдан кўзланган мақсад – “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва АҚШнинг Колорадо давлат университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва Жамғарма стипендиатларининг Колорадо давлат университетида таълим олишини ташкил этиш ва ўқув тўловларидан чегирмалар олиш масалаларидан иборат.
Учрашув давомида Жавохир Ахмедов томонидан АҚШнинг Колорадо давлат университетига 2024 йил кузги семестр (Fall Semester) учун Жамғарма стипендиатларининг юборилишини таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, Травис Майнард томонидан Жамғарма стипендиатларига яқиндан кўмак беришини таъкидлади. Жамғарма стипендиатлари учун ўқиш давомида яхши ютуқларга эришадиган бўлса, университет томонидан янада кўпроқ стипендия ҳам ажратилиши айтиб ўтди.
Бундан ташқари, давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастурини ташкил этиш таклифи ҳам Травис Майнард қўллаб-қувватлади.
2022 йилнинг 9 февраль куни ушбу университет билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ўртасида ҳамкорлик меморандум имзоланган бўлиб, меморандумга кўра, Жамғарма стипендиатларининг ўқиш харажатларидан 20% чегирма бериш белгиланган эди. Учрашувда мазкур чегирма миқдорини 35% ошириш масаласи муҳокама қилинди.

