2024 йилнинг 12 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ва Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Буюк Британиянинг Глазго университети (University of Glasgow) Европа ва Марказий Осиё давлатлари масалалари бўйича директори Адриен Ҳортобагйи ва Халқаро ишга олиш бўйича менежер Билл Ҳоарелар ўртасида ZOOM иловаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Глазго университети – Шотландиядаги давлат тадқиқот университети бўлиб, 1451 йилда ташкил этилган. Университет инглиз тилида сўзлашувчи дунёда тўртинчи ўринда турувчи энг қадимги университетлардан бири ҳисобланади. Глазго Шотландиядаги энг йирик университетдир ва 19,500 дан ортиқ талабалар таълим олади. Глазго университети THE рейтингида
87, QS рейтингида 76 ўринларда туради.
Ҳозирда тўртта коллеж мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бири бир нечта мактабларни ўз ичига олади. Жумладан, Санъат ва гуманитар фанлар коллежи, Тиббиёт, ветеринария ва ҳаёт фанлари коллежи, Ижтимоий фанлар коллежи, Фан ва муҳандислик коллежидан иборат.
Глазго университетида кўплаб таниқли арбоблар дарс берган, ишлаган ва ўқиган, жумладан, 7 та Нобел мукофоти совриндорлари, 3 та Бош вазир, Уилям Ламб, Физик Лорд Келвин, "Иқтисоднинг отаси" Адам Смит, Муҳандис Жеймс Ватт, Ихтирочилар Генри Фолдс ва Жон Логи Берд, Кимёгарлар Уилям Рамзи, Фредерик Содди, Биолог сер Жон Бойд Орр, машҳур шарқшунос ва Бенгал Осиё жамияти президенти Генри Бевериж таълим олган.
Учрашувдан кўзланган мақсад – “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Буюк Британиянинг Глазго университети билан таълим олишни ташкил этиш ва ўқув тўловларидан чегирмалар олиш масалаларидан иборат.
Учрашувда Жавохир Ахмедов томонидан Жамғарма ҳақида қисқача маълумот берди. Шунингдек, 2023 йилги 2-очиқ стипендия танловида ғолиб бўлган Жамғарма стипендиатларини Буюк Британиянинг Глазго университетига ўқишга юборишни ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, Адри Ҳортобагйи томонидан Жамғарманинг ҳар бир стипендиати учун Глазго университетида таълим олмоқчи бўлган стипендиатлар учун қабул хатини тез фурсатларда олишда кўмаклашишини таъкидлади.
Мазкур учрашувда, Жамғарманинг ҳар бир стипендиати ўқиш харажатлари учун 20% миқдорида чегирма ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Шунингдек, Жавохир Ахмедов томонидан университет вакилларига Буюк Британиянинг Глазго университетида 2024 йилда ўқишни режалаштираётган номзодлар учун “Глазго университетида таълим олиш имкониятлари” мавзусида вебинар ташкил этишни таклиф этди ва ушбу таклиф хорижий университет томонидан қўллаб-қувватланди. Бундан ташқари, давлат хизматчилари учун қисқа муддатли стажировка дастурини ташкил этиш таклифи ҳам Адри Ҳортобагйи қўллаб-қувватлади.
Мазкур учрашув якунида яқин вақт ичида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган меморандум имзолашга келишиб олинди.

