2024 йил 9 февраль куни Сирдарё вилоятидаги давлат хизматчилари учун Жамғарма билан ҳамкорликда Жамғарма фаолияти стипендия танловлари тартиби билан боғлиқ янгиликларни мутахассисларга етказиш қаратилган онлайн семинар бўлиб ўтди.
Мазкур семинар Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Сирдарё бўлими билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, семинарда 100 дан ортиқ давлат хизматчилари иштирок этдилар.
Онлайн семинарда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Аҳмедов томонидан Жамғарма очиқ стипендия танловларини ўтказиш тартиби, ажратилган квоталар, устувор йўналишлар, танловни ташкил этиш механизми ҳамда электрон ҳужжат топшириш платформасининг ишлаш тартиби билан боғлиқ янгиликлар тўғрисида тақдимот қилинди.
Тақдимотдан сўнг Сирдарёлик давлат хизматчилари томонидан кўплаб саволлар берилди ва барча саволларга малакали батафсил жавоб берилди.
Онлайн семинарда Жамғарма орқали Буюк Британиянинг Queen Mary университети магистратура босқичида таълим олиб қайтган Жавохир Маликов сўзга чиқиб, Жамғарма танловлари ва нуфузли хорижий университетлардаги ўқиш имкониятлари тўғрисида семинар иштирокчиларига маълумотлар берди. Жамғарма томонидан ўтказилаётган очиқ стипендия танловлари шаффоф ҳолда ўтказилишини таъкидлаб, Стипендиатларнинг таълим олиш даврида мунтазам уларни қўллаб-қувватлаб келаётганларини эътироф этди.
Бундан ташқари барча семинар иштирокчиларига тил билиш кўникмаларини яхшилаш борасида керакли тавсиялар берилди.

