2024 йилнинг 8 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармасида Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Жавохир Ахмедов ва Жамғарма бўлим бошлиқлари ҳамда Аёва университети Халқаро рўйхатга олиш бўйича директор ўринбосари Хорхе Калдерон, Халқаро қабул бўйича маслаҳатчи Кимий Мутҳарт, Вице-президент ёрдамчиси ва қабул бўйича ижрочи директор Кетрин Жонсон ўртасида ZOOM иловаси орқали онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Аёва давлат фан ва технология университети Аёва штатининг Эймс шаҳрида жойлашган. 1959 йил 4 июлда коллеж расман Аёва давлат фан ва технология университети деб ўзгартирилди. Университет THE рейтингида 201-250 ўринда туради.
Аёва давлат университети Аёва штатидаги энг йирик университетдир. Университет саккизта коллеж, жумладан, қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт фанлари коллежи, ветеринария тиббиёти коллежи, муҳандислик коллежи, либерал санъат ва фанлар коллежи, дизайн коллежларидан ташкил топган. Улар 100 дан ортиқ бакалавриат дастурлари, 112 та магистрлик дастурлари ва 83 та докторантура дастурлари ҳамда ветеринария тиббиёти бўйича профессионал даража дастурини таклиф этади.
Учрашувдан кўзланган мақсад – “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва АҚШнинг Аёва давлат университети ўртасида Жамғарма стипендиатларининг Аёва университетида таълим олишини ташкил этиш ва ўқув тўловларидан чегирмалар олиш масалаларидан иборат.
Учрашув давомида Жавохир Ахмедов томонидан АҚШнинг Аёва давлат университетига танловларда иштирок этиб ғолиб бўлган стипендиатларни 2024 йил кузги семестрда (Fall Semester) юбориш режалаштирилганини таъкидлаб, уларни ўқиш харажатларидан кўпроқ чегирмалар ажратиш масаласида таклиф киритди.
Шу билан бирга, Жорж Калдерон томонидан Жамғарма стипендиатларига ўқиш жараёнида яқиндан кўмак беришини таъкидлади. Жумладан, Аёва давлат университетида таълим олмоқчи бўлган стипендиатлар учун қабул хатини тез фурсатларда олишда кўмаклашишини ва Жамғарма стипендиатлари учун ўқиш давомида яхши ютуқларга эришадиган бўлса, университет томонидан янада кўпроқ стипендия ҳам ажратилиши айтиб ўтди. Жамғарманинг ҳар бир бакалавриат таълим дастури стипендиатларининг ўқиш харажатлари учун 35% миқдорида чегирма ажратиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур учрашув якунида яқин вақт ичида ҳамкорлик алоқаларининг истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган меморандум имзолашга келишиб олинди.

