2024 йил 1 февраль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, Бўлими бошлиғи А.Хамдамов, бош мутахассиси Г.Шамсиддиновалар ҳамда Австралиянинг Сидней университети Халқаро ривожланиш ва ҳомийлик масалалари бўйича директори Анна Кирҳам ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: 2023 йил 4 октябрь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва Австралиянинг нуфузли Сидней университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш юзасидан икки томон ўртасида учрашув бўлиб ўтган эди. Учрашувда Жамғарма стипендиатлари учун ўқиш харажатларидан 20% чегирма олишга келишилган.
Сидней университети (University of Sydney) Австралиянинг Сидней шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. Университетга 1850-йилда асос солинган. У Австралиядаги энг қадимги 6 та университетлардан биридир.

Университет халқаро тан олинган рейтингда QS – 19 ўринни эгаллаган. Университет саккизта академик факультет ва мактабларини ўз ичига олади. Жумладан, Санъат ва ижтимоий фанлар факультети, Сидней университети бизнес мактаби, Муҳандислик факультети, Тиббиёт ва саломатлик факультети, Ижтимоий фанлар факультети, Сидней архитектура, дизайн ва режалаштириш мактаби, Сидней мусиқа консерваторияси ва Сидней ҳуқуқ мактаби. Университет битирувчилари орасида 8 та Австралия бош вазирлари, 5 та Нобел мукофоти совриндорлари, амалдаги президент Энтони Албанесе, Австралиянинг 2 та генерал-губернатори таълим олган.
Учрашув давомида Ж. Ахмедов томонидан Жамғарманинг 2023 йилги 2-стипендия танлови натижалари ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, ҳозирги кунда Австралияда ўқишни режалаштираётган 7 нафар Жамғарма стипендиатлари ҳақида маълумотлар берилди.
Шу билан бирга, Жамғарманинг очиқ стипендия танловида иштирок этиб ғолиб бўлган 2024 йил кузда ўқишга кетишни режалаштирган стипендиатларни Сидней университетига ўқишга юбориш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Бу жараёнда университет вакили Анна Кирҳам университет яқиндан ёрдам беришини таъкидлади.

Жамғарманинг докторантура (PhD) таълим дастурида иштирок этмоқчи бўлган номзодлар диққатига!
Австралиянинг нуфузли Сидней университетида докторантура (PhD) дастурида ўқиш истагида бўлганлар мутахассисилар учун университетнинг Муҳандислик йўналишида Жамғарма стипендиатлари учун Университет томонидан ўқиш харажатлари тўлиқ молиялаштириладиган алоҳида 10 та гранд ўринлари ажратиладиган бўлди.
Учрашув якунида “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Сидней университети ўртасида ҳамкорлик алоқаларини истиқболларини белгиловчи, юқоридаги таклифларни ўз ичига олган икки томонлама ўзаро англашув меморандуми яқин кунларда имзоланишига келишиб олинди.

