2024-йилнинг 12-январь куни “Эл-юрт умиди” жамғармасининг 2023-йил 2-очиқ стипендия танлови ғолиблари ҳамда Жамғарма ходимлари билан Мудофаа вазирлиги офитсерлари ва Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги фахрийлар кенгаши полковниклари билан ҳамкорлигида “Шу ватан барчамизники” номли учрашув ташкил қилинди.
Тадбирда, Жамғарма ижрочи директори ўринбосари в.б Жавохир Аҳмедов сўзга чиқиб, Миллий армиямизнинг 32 йиллик шодиёнаси билан ҳамда 14- январь ватан ҳимоячилари куни билан барча ҳарбийларни ва соҳа вакилларини табриклади.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги фахрийлар кенгаши полковниклари Ихтиёр Раҳимов, Валижон Ражабов ҳамда Ахборот коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти баталён командирининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари майор Шерқўзи Ҳакимовлар қатнашдилар. Ҳарбийлар стипендиатлар ва Жамғарма ходимлари билан дилдан суҳбат қуриб, уларнинг мақсадлари, орзу-истаклари ҳамда қизиқишлари билан танишдилар.
Мулоқотда ҳарбийлар Стипендиатларга ватанпарварлик туйғусининг асл моҳияти ҳақида, ҳар кимнинг Ватан олдидаги фарзандлик бурчи нималардан иборат эканлиги, ҳарбийликнинг бутун машаққатлари ҳамда масъулиятлари, мамлакатимизда ҳарбий хизмат соҳасида фаолият олиб бораётганларга қаратилган эътибор, яратилаётган имкониятлар ҳамда шарт-шароитлар ҳақида кенг турда маълумотлар бердилар.

Ватанпарварлик инсоннинг ўз оиласига, авлод-аждодларининг ор-номусига чуқур эҳтироми, виждонига, бурчига ва ўз сўзига содиқлигидир. Агар инсон болалик чоғидан ўз халқига, унинг анъаналарига, тили ва маданиятига муҳаббат ҳамда ҳурмат руҳида тарбия қилинса, унда ватанпарварлик ҳисси юқори бўлади. Ватан ҳисси инсонга Ватанидан олисда бўлганида яққол сезилади ва ана шу сезги барчани ўз юртига етаклаши кераклиги таъкидланди.
Ҳар бир юртдошимиз, қайси соҳада хизмат қилишидан қатъи назар, Ватан олдидаги фарзандлик бурчини тўлиқ англаган ҳолда, ўзининг маънавий камолоти учун масъулиятни ҳис этиши, шахсий манфаатларини шу юрт, шу халқ манфаатлари билан уйғунлаштириб яшаши ва Ватан равнақи учун муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоғи лозим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Ватанпарварлик ҳар бир давлат ҳаётининг маънавий асоси ҳисобланади ва жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш борасида энг муҳим сафарбар этувчи куч сифатида намоён бўлади”, деган сўзлари бугун ўз исботини топмоқда.
Мулоқот давомида стипендиатларга Президентимиз, халқимиз ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси бераётган имкониятнинг асл моҳияти ҳам юртга хизмат қилиш ва келажакдаги юртимиз келажагини ишончли қўлларга топшириш кераклиги тушунтирилди.
Учрашувда ёшлар ҳарбийларга соҳа юзасидан ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилдилар. Ҳарбийлар ҳар бир саволга ҳаётий мисоллар билан жавоб бердилар. Учрашув якунида Ҳарбийларга “Эл-юрт умиди” жамғармасининг эсдалик совғалари топширилди.

