Янги йил кунлари олдидан муҳтарам Президентимизнинг сиз ёшларга бўлган алоҳида эътиборлари сифатида қуйидаги янгиликни кутиб олинглар!
“Эл-юрт умиди” жамғармаси Васийлик кенгашининг жорий йил 29 декабрдаги қарорига асосан 2023 йилги 2-очиқ стипендия танловида муносиб қатнашган ва юқори баллар тўплаган 119 нафар ёшларимиз “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилди.
Ғолиблар Жамғарма www.eyuf.uz сайтида эълон қилинди.
Демак, 2023 йил натижасига кўра 274 нафар ёшларимиз шундай имкониятни қўлга киритишди. Жамғарма маълумотларига кўра уларнинг аксарияти АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Испания, Австралия, Жанубий Корея ва Хитойда таълим олишади.
Қувонарлиси шундаки, 70 фоизга яқин ёшларимиз STEM (илм-фан, технология, инженерлик, математика), IT (ахборот технологиялари ва сунъий интеллект), медицина ва фармацевтика, архитектура ва дизайн каби йўналишларда таълим олишни режалаштирмоқдалар.
Жамғарма жамоаси “Жамғарма стипендиати” деб эътироф этилган номзодларни танловда муносиб иштирок этиб, ўзининг билим ва салоҳиятини тўла намоён этгани учун Танлов комиссияси аъзолари, экспертлар ва Жамғарма Васийлик кенгаши аъзолари томонидан уларга билдирилган юксак ишонч ва эътироф билан табриклайди.
Ишонамизки, юртимизни обод этиш, халқимизни фаровон қилиш ва Ватанимизни равнақ топтириш борасида муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларда ғайрат ва шижоат билан, ситқидилдан иштирок этасиз.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси

