2020 йил 14 мартдаАҚШ, Канада, Бельгия, Австралия, Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган, катта илмий ва амалий тажрибага эга 15 нафар ватандошлар билан “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузурида Халқаро экспертлар кенгашининг таъсис видеоконференциясини ўтказган эди.
Халқаро экспертлар кенгашининг таъсис видеоконференцияда хорижий давлатларнинг нуфузли университетлари ва компанияларида самарали профессионал фаолият олиб бораётган ватандошларимиз, жумладан 6 нафар АҚШдан Аробиддин Тўра, Акмал Мирсадиков, Нуриддин Икромов, Зафарбек Рустамов, Мамуржон Азимов ва Элзотбек Рустамбеков, 1 нафар Канададан Вохиджон Ўринов, 1 нафар Бельгиядан Мунира Аминова, 3 нафар Австралиядан Жаҳонгир Қаххоров, Бекзодбек Абдуллаев ва Александр Акимов, 3 нафар Жанубий Кореядан Искандар Юлдашев, Нурмухаммад Юсупов ва Отабек Жўраевлар қатнашган эди.
Халқаро экспертлар кенгашнинг асосий мақсади – мамлакатимиз олий таълим тизимини ривожлантиришга оид таклифлар ишлаб чиқиш ва уларни олий таълим муассасалари амалиётида кенг қўллаш механизмларини ишлаб чиқиш, олий таълимга оид меъёрий-хуқуқий ҳужжатларнинг экспертизасини ўтказиш асосида олий таълим сифатини оширишга кўмаклашишдан иборат.
Бундан ташқари, Кенгаш келажакда таълим тизимининг бошқа тармоқлари, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда иқтисодиётнинг устувор соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга ўзининг ҳиссасини қўшишни режалаштирмоқда.
Халқаро экспертлар кенгаши қуйидаги вазифаларни амалга оширишда ўзаро ҳамкорлик қилади:
- Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизими ва иқтисодиётнинг бошқа устувор тармоқларида мавжуд муаммоларни ўрганиш ва таҳлил қилиш;
- Халқаро майдонда мавжуд имкониятлар ва тенденцияларга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотларга эксперт баҳосини бериш;
- Ўзбекистон Республикаси ривожининг устувор соҳаларида илғор хорижий тажрибани, замонавий ғоялар ва технологияларни жорий этишга таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
- Ҳамкорликда илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш, ахборот алмашиш ва маълумотлар базасини шакллантириш, ўзаро манфаатли бошқа лойиҳаларни амалга ошириш.
Халқаро экспертлар кенгаши фаолиятининг қолган жиҳатлари Меморандумда кенг ёритиб берилган.
Халқаро экспертлар кенгаши видеоконференциялари ҳар ойда камида икки маротаба бўлиб ўтади ва ZOOM конференц алоқа тизимидан фойдаланган ҳолда ташкил этилади.
Халқаро экспертлар кенгашига янги аъзоларни қўшилиши “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳузуридаги Халқаро экспертлар кенгаши аъзоларининг онлайн йиғилишида овоз бериш йўли билан ҳал этилади.
Кенгаш фаолияти ва унинг мажлислари тўғрисидаги Пресс-релизлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси веб сайти ва ижтимоий тармоқларида чоп этиб борилади.