Жорий йилнинг 21 июль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш мақсадида Жанубий Кореянинг Сежонг университетининг (Sejong University) халқаро алоқалар бўйича директори Да Хай Ли Жамғармага ташриф буюрди.
Маълумот учун: Бугунги кунда, Жанубий Кореяда 10 га яқин стипендиатларимиз таҳсил олмоқдалар. Сежонг университети Жанубий Кореядаги хусусий тадқиқот университети ҳисобланиб, асосий кампуси Сеул шаҳрида жойлашган ва The Times халқаро рейтинг агентлигининг Топ-300 рейтингига киради. Университет 1940 йилда Кён Сан гуманитар институти сифатида таълим ғоялари асосида ташкил этилган.Сежонг университетида тўққизта факультетлари мавжуд: Либерал санъат факультети, Ижтимоий фанлар факультети, Бизнес бошқаруви факультети, Меҳмондўстлик ва туризм менежменти факультети, Табиий фанлар факультети, Ҳаётий фанлар факультети, Электроника ва ахборот муҳандислиги факультети, Муҳандислик факультети, Санъат ва жисмоний тарбия факультети ҳамда умумий таълим факультети ва еттита магистратура йўналишлари мавжуд.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Сежонг университети ўртасида 2019 йилда ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланган бўлиб, бугунги кунда томонлар таълим дастурлари бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқдалар.

Учрашувда, томонлар ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, мазкур университет ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамкорлигида қўшма магистратура ва докторантура дастурларини ташкил этиш ва биргаликда молиялаштириш масалалари кўриб чиқилиб амалга оширишга келишиб олинди.
Шунингдек, қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка курсларини ташкил этиш, Жамғарма стипендиатларининг университетда таҳсил олишлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва тўлов харажатларидан 70% миқдоридан кам бўлмаган миқдорда чегирмалар ажратишга келишилди.
Учрашув сўнгида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини давом эттириш ва янги Ҳамкорлик меморандуми ва Қўшма дастур лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишув шартларини тайёрлаш ва қисқа фурсатда имзолашга келишилди.
Шунингдек, жорий йилнинг август ойида Республика ўрта мактабларнинг битирувчи синфлари ўқувчилари, олий таълим муассасалари битирувчи курс талабалари ва илмий изланувчилари учун Сежонг университетда таълим олиш имкониятлари мавзусида онлайн вебинар ташкил этиш режалаштирилди.

