Жорий йилнинг 13 июль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ижрочи директори А. Бекмуродов бошчилигидаги Жамғарма раҳбарияти, ҳамда Испания Қироллигининг Таълимни халқаролаштириш хизматининг (SEPIE) Олий таълимни халқаролаштириш масалалари бўйича директори Хосе Аурелио Лианеза бошчилигидаги ташкилот вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Испаниядаги консули Ш. Одилов иштирокида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш ва келгуси ҳамкорлик режалари муҳокамаси бўйича учрашув бўлиб ўтди.
Маълумот учун: “SEPIE” Испания Қироллигининг барча олий таълим муассасаларига, шу жумладан хусусий университетларга чет элда испан таълимини тарғиб қилиш ва хорижий мамлакатлардан талабалар ва профессорларни жалб қилиш бўйича университетлар стратегияларини амалга оширишда ёрдам бериш ва қўллаб-қувватлаш учун масъул ташкилот ҳисобланади. Таълим тизими деярли барча соҳалар учун мутахассислар тайёрлаш имкониятига эга эканлиги сабабли бугунги кунда ушбу ташкилот Аргентина, Парагвай, Уругвай, Бразилия, Хитой ва бошқа мамлакатлар вазирлик ва идоралари билан таълим соҳасида узоқ муддатли ҳамкорлик алоқаларини олиб бормоқда.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси ва SEPIE ташкилоти ўртасида жорий йилнинг 25 апрель куни ҳамкорлик Меморандуми имзоланган.
Учравувда Хосе Аурелио Лианеза томонидан Испания таълим тизими, халқаро рейтингларда юқори ўринларда турувчи университетлари ҳақида маълумотлар берилди.
“Эл-юрт умиди” жамғармасининг Хорижий ҳамкорлар билан академик алоқаларни ўрнатиш ва протокол хизмати бўлими бошлиғи А. Хамдамов томонидан Жамғарма стипендия танловлари, халқаро таълим ташкилотлари билан ҳамкорликдаги лойиҳалари бўйича онлайн учрашув қатнашчиларига маълумот берди.
Шунингдек, томонлар тажриба алмашиш мақсадида, Испания Қироллигининг нуфузли университетларидан хорижлик мутахассисларни жалб қилган ҳолда, Олий таълим муассасалари талабалари ва илмий изланувчилари учун семинарлар, маҳорат дарслари ва бошқа тадбирларни ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олдилар.
Бундан ташқари, дунё миқёсида тан олинган халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллаган Испания Қироллиги университетлари билан Жамғарма ўртасидаги тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишга SEPIE томонидан кўмаклашишга тайёр эканлиги маълум қилди.
Учрашувда томонлар ўзаро ҳамкорликда қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга келишиб олишди.

