Жорий йилнинг 7 июль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбарияти ҳамда АҚШнинг Коннектикут университети Халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Толга Туркер ўртасида видеоконференция бўлиб ўтди.
Маълумот учун: Коннектикут университети (University of connecticut) 1881 йилда ташкил этилган бўлиб, 32 мингдан ортиқ талабалар таҳсил олади. U.S. News & World Report талқинига кўра 2023 йилда у АҚШ университетлари рейтингида 67-ўринни эгаллайди. Олий таълим муассасаларининг Карнеги таснифига кўра, таълим сифати жуда юқори бўлган тадқиқот университетидир.
Толга Туркер Жамғарма ва Коннектикут университети ўртасида алоқаларни яқиндан йўлга қўйиш икки томонлама учун ҳам манфаатли эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, учрашувда Коннектикут университетида докторантура дастури мутлақо бепул ва магистратуранинг айрим йўналишларида ҳам ушбу тартиб бор эканлиги айтиб ўтилди.
Мазкур учрашувда, Ж. Ахмедов томонидан Жамғарманинг таълим дастурлари бўйича мутахассисларни хориждаги Коннектикут университетида таълим олиши юзасидан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича таклиф киритилди.
Шу билан бирга, мулоқот чоғида Жамғарма орқали университетда таълим олишни режалаштираётган ҳар бир стипендиатларнинг ўқиш харажатларидан чегирмалар ажратиш имкониятлари бўйича таклифлар киритилди. Ушбу таклифга жавобан Толга Туркер Жамғарма стипендиатлари учун сўралган чегирмаларни ажратишга тайёр эканлигини ва бу ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Шу билан бирга, вазирлик ва идораларнинг мақсадли буюртмаси асосида давлат хизматчиларини Коннектикут университетида қисқа муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини ташкил бўйича таклифлар муҳокама қилинди. Ўз ўрнида мазкур таклифлар Толга Туркер томонидан қўллаб қувватланиб, мазкур йўналишларда ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга келишиб олинди.
Мазкур учрашув якуни бўйича томонлар, мамлакатимизнинг давлат хизматчилари ва ёшлари учун ҳамкорликда “Коннектикут университетида таълим олиш имкониятлари” мавзусида онлайн семинар ташкил этишга келишиб олинди.
Мулоқот якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқалари истиқболини белгиловчи ҳамкорлик меморандум лойиҳасини ишлаб чиқиш тез орада имзолашга келишдилар.

