Жорий йилнинг 7 июль куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси ва “Навоийуран” давлат корхонаси ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Жамғарма ижрочи директор ўринбосари в.б. Ж. Ахмедов, “Навоийуран” давлат корхонаси Бош директорнинг трансформация жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича ўринбосари Х.Хайдаров ва бошқа мутахассислар иштирок этдилар.
Мулоқот давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2030 йилларда “Навоийуран” давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2022 йил 14 июлдаги ПҚ–319-сон қарорида белгиланган корхона бошқарув ходимларининг “Навоийуран” давлат корхонасининг мақсадли буюртмасига асосан хорижий давлатларнинг соҳада юқори рейтингга эга бўлган олий таълим муассасаларида ҳамда етакчи халқаро компанияларда тизимли равишда қисқа ва ўрта муддатли малака ошириш ва стажировка ўтишини таъминлаш мақсадида икки томонлама меморандум имзоланди.
Корхонада фаолият юритаётган иқтидорли ва истиқболли кадрларни хориждаги нуфузли таълим ва илмий муассасаларда, ишлаб чиқариш, инновацион ва бошқа компанияларда мақсадли таълим олишини ҳамда стажировкадан ўтишини ташкил этиш ушбу меморандумнинг асосий мақсади ҳисобланади.

Қуйидагилар ҳамкорликнинг асосий мақсадлари ҳисобланади:
Корхонада фаолият юритаётган иқтидорли ва истиқболли кадрларни белгиланган тартибда танлаш ва рағбатлантириш, замонавий фикрлайдиган ва ватанпарварлик руҳида тарбияланган янги авлод кадрларини хориждаги нуфузли таълим, илмий ва бошқа муассасаларда таълим олишини ташкил этиш;
ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда хорижий экспертлар билан ҳамкорликда корхонага рақамли технологияларни жорий этишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар ташкил этиш;
хорижий таълим, илмий ва бошқа ташкилотлар, олимлар ва экспертлар, шунингдек, ватандошлар билан ҳамкорликда онлайн платформаларга асосланган масофавий таълим дастурлари, ўқув курслари ва бошқа таълим, илмий-тадқиқот ва амалий лойиҳаларни амалга ошириш;
Корхонанинг эҳтиёжидан келиб чиқиб, мақсадли буюртмага асосан истиқболли ва талаб юқори бўлган мутахассисликлар бўйича стажировкадан ўтиш дастурларини ташкил этиш ва бошқалар.
Учрашув сўнгида томонлар ҳамкорлик алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга, замонавий билим ва тажрибага эга мутахассисларни хорижда ҳамкорликда тайёрлаш ва уларни корхона тизимига меҳнат фаолиятига жалб қилишга келишиб олдилар.

