Жорий йилнинг 6 июнь куни “Эл-юрт умиди” жамғармаси раҳбар ходимлари, бўлим бошлиқлари ва Жамғарманинг хорижий нуфузли университет ва илмий марказларда таълим олаётган стипендиатлари иштирокида ZOOM платформаси орқали онлайн мулоқот ўтказилди.
Мазкур онлайн мулоқотни ўтказишдан кўзланган мақсад – Жамғарма стипендиатлари билан доимий мулоқотни давом эттириш, стипендиатларда ватанпарварлик туйғусини ошириш, турли ёд ғоя ва ақидаларга қарши иммунитетни шакллантириш, диний ва сиёсий секторлардан огоҳ бўлиш, уларда миллий қадриятларини ривожлантириш, улар дуч келаётган муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилишга кўмаклашиш, шунингдек, келажакдаги режаларини билиш, Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш ҳамда хорижда таълим олаётган мутахассисликлари бўйича мамлакатимизни янада ривожлантириш юзасидан таклифларини ўрганиш ва амалиётга жорий қилишга кўмаклашиш, уларни ўқишларини тугатиб қайтганларидан сўнг вазирликлар тизимида меҳнат фаолиятини олиб боришни ташкил этиш кўзда тутилган.
Шунингдек, семестр якуни бўйича академик ва молиявий ҳисоботларни топшириш жараёнида юзага келаётган саволларга малакали жавоблар бериш, мавжуд муаммоларини ўрганиш, айни вақтда татил сабабли мамлакатимизда бўлиб турган Жамғарма стипендиатлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқарув академиясида яқин кунларда ўқув семинарлари ташкил этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Жамғарма раҳбарияти томонидан хорижда таълим олаётган Жамғарма стипендиатларга жорий йилнинг 9 июль куни мамлакатимизда ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига алоҳида тўхталиб, ушбу муҳим сиёсий жараёнда хорижда таълим олаётган стипендиатлар Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналарида ташкил этилган сайлов участкаларидан овоз беришлари лозимлиги мазкур жараёнда барча фаол иштирок этиши лозимлиги таъкидланди.
Маълумот учун: Жамғарма томонидан бугунги кунда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Япония, Канада, Италия, Испания, Жанубий Корея каби ривожланган мамлакатларнинг глобал академик рейтингларда ТОП 300 таликка кирган University of Oxford, University of Cambridge, University College London, Imperial College London, Columbia University, Cornell University ва бошқа нуфузли университетларида мамлакатимиз учун устувор ҳисобланган мутахассисликлар бўйича 500 га яқин стипендиатлар Жамғарма таълим дастурлари бўйича ўқишларини давом эттиришмоқда.
Онлайн мулоқот жараёнида Жамғарма раҳбарияти томонидан стипендиатлар учун яратиб берилаётган қўшимча имкониятлар, уларнинг замонавий билим ва кўникмаларни эгаллашлари учун давлатимиз томонидан стипендиатларнинг хорижда таълим олиши учун давлат бюджетидан мунтазам ва барқарор маблағ ажратиб борилаётганлиги, улар мазкур имкониятдан фойдаланган ҳолда мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига қўшиш учун хорижда олган билим ва тажрибаларини сафарбар этишлари лозимлиги таъкидланди.
Стипендиатлар ўзи таълим олаётган хорижий университетларида Ўзбекистонинг хориждаги ижобий имиджини янада ошириш юзасидан тақдимотлар, давра суҳбатларини ташкил этиш лозимлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Онлайн мулоқот жараёни қизғин савол жавобларга бой тарзда бўлиб ўтди.
Жамғарма стипендиатлари билан бу каби мулоқотлар доимий ўтказилиб келинмоқда.

